Ўзбекистон | 07:43 / 16.04.2021
7937
3 дақиқада ўқилади

«Жамиятда хотин-қизларни камситиш ҳолатлари кўп, телевидение бунинг тарғиботида етакчи» – юридик фанлари доктори

15 апрел куни «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати биносида Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан «Оммавий ахборот воситаларида берилаётган медиа маҳсулотларни гендер экспертизадан ўтказиш масалалари: қонунчилик ва амалиёт» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлардан масъул вакиллар, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этди. Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази «Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари» кафедраси мудири, юридик фанлари доктори Лола Саидова ОАВда берилаётган медиа маҳсулотларда гендер дискриминацияси ва бу ҳолатнинг ечимлари бўйича фикр билдирди.

«ОАВнинг энг муҳим вазифаси бу олинган ахборотни ҳаққоний, тўғри, ўзгартирмасдан, ўзининг идеологик, ғоявий асосларини қўшмасдан тақдим этишдир. ОАВ орқали бериладиган маҳсулотлар миллат қадриятига тўғри келмайдиган ҳолатларда титрда «Қуйидаги видеомаҳсулотда кўрсатилаётган воқелик миллий қадриятларимизга путур етказиши мумкин», деб огоҳлантириб қўйиш керак. Товар маҳсулотлари бўйича бу тажриба амалиётда бор ва бунга ҳеч ким қарши эмас.

Эркин жамият қачон ривожланади? Одамларга оқни қорадан ажратиши учун ҳам имконият яратиб берилса. Бу эса маънавиятимизга тўғри келмайдиган ғояларни ОАВ орқали сингдириш керак, дегани эмас. Масалан, турк сериалларида аёлларнинг очиқ кийинган саҳналари бор. Бизга тўғри келмагани учун шу саҳналар хиралаштириб қўйиляпти ва буни тўғри тушуняпмиз.

Юқоридан қанчалик тарғибот қилинмасин, нимани қабул қилиш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Қандайдир ғояларни сингдиришга қарши курашни давлат телерадиоканали орқали қилиш нотўғри. Буни локал ҳолатда қилиш мумкин.

Оддий таглик рекламасида ҳам гендер дискриминацияси очиқ кўрсатиб берилган. 3-4 ёшли болакай ўзи тенги қизга туғилган кунига таглик совға қилади. Бунда иккала жинс ўртасида дискриминация кетяпти. Масалага чуқур ёндашилса, иккаласи ҳам тенг ҳуқуқли. Қўпол қилиб айтганда, болакай қизга унинг тагликка кўпроқ муҳтожлигини писанда қилаётгани тарғиб қилиняпти. Ривожланиш босқичида бўлган болалар онгига нотенглик сингдириляпти. Умумий қилиб айтганда, хотин-қизларни камситиш ҳолатлари тўлиб-тошган жамиятда яшаяпмиз. Телевидение бунинг тарғиботида етакчи бўлиб турибди», – дейди Лола Саидова.

Мавзуга оид