– Иссиқлик электростанциялари ҳақида умумий маълумот берсангиз. Уларнинг сони нечта, асосан қайси ҳудудларда жойлашган?

– Савол жуда оддий туюлади, лекин аслида жуда муҳим масалани қамраб олади. Кўпчилик фуқароларимиз, жумладан, шунақа ҳолатлар бўлган, ҳаттоки жамоатчиликнинг энг фаол аъзолари ҳам иссиқлик электр станцияси деганда иссиқлик энергиясини, яъни иссиқ сувни етказиб берувчи корхонани тушунадилар. Аслида, Иссиқлик электр станциялари – бу иқтисодиётимиз ва кундалик ҳаётимиз асоси, чунки истеъмолимизда бўлган электр энергиясининг асосий қисми айнан шу станция ва марказларда ҳосил қилинади. "Иссиқлик электр станциялари" акциядорлик жамиятининг асосий вазифаси эса, электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаришни таъминлаш, юртимизнинг энергетик хавфсизлигига эришиш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг электр энергиясига ортиб бораётган эҳтиёжларини қондириш мақсадида мамлакатимизда юритилаётган энергетика сиёсатини амалга оширишдан иборат. Бугун юртимизда шу мақсадларда 8 та иссиқлик электр станциялари (Тошкент, Ангрен, Янги-Ангрен, Тўрақўрғон, Сирдарё, Навоий, Толимаржон ва Тахиатош) ҳамда 3та иссиқлик электр марказлари (Тошкент, Фарғона ва Муборак) фаолият юритмоқда.

– Қайси ИЭС энг кўп электр энергиясини беради? ИЭСларнинг умумий электр энергияси ишлаб чиқаришдаги улуши қандай?

– Айни пайтда станция ва марказларимизнинг юртимизда жами истеъмолдаги электр энергиясини ишлаб чиқаришдаги улуши 85 фоиздан кўпроқни ташкил этади. Мамлакатимиз аҳолисини сифатли электр энергияси билан таъминлашда 10 000 нафардан зиёд ишчи-хизматчиларнинг заҳматли меҳнати ётади. Миллий энерготизимнинг «отахон»ларидан бири бўлишига қарамай, «Сирдарё ИЭС» АЖ айни пайтда энг кўп электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналардан бири. Бугун бу ерда инвестиция дастури доирасида модернизация ишларининг якуний учинчи босқичи амалга оширилмоқда. Шу билан бирга энг замонавий, энерготежамкор ва энергосамарадор технологиялар жорий этилган Толимаржон, Навоий ва Тўрақўрғон иссиқлик электр станциялари бугун соҳанинг локомотив корхоналари ҳисобланади.  

Иқтибос: 2017 йил таҳлилларига кўра, ривожланган давлатларда 1 киловатт энергия ишлаб чиқариш учун 240-260 грамм ёқилғи ишлатилган бўлса, мамлакатимиздаги айрим станцияларда 2 баробар кўп ёқилғи сарфланган. Лекин, ўтган 4 йил ичида мамлакатимизда энг янги, энергия самарадор технологияларни жорий этишга фаол равишда киришдик ва шуни таъкидлаш лозимки, қисқа фурсатларда 1 кВт соат электр энергияси ишлаб чиқишда ёқилғи сарфини камайтириш бўйича сезиларли натижаларга эришилди.