Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Бангладеш Халқ Республикаси элчиси Муҳаммад Жаҳонгир Аълам, Чехия Республикаси элчиси Вацлав Йилек, Миср Араб Республикаси элчиси Амира Фаҳмий, Иордания Ҳошимийлар подшоҳлиги элчиси Демия Зуҳайр Ҳаддод, Туркия Республикаси элчиси Олган Бекар, Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари Шарлотт Адриан ва Россия Федерацияси элчиси Олег Мальгиновдан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.

Тадбир аввалида давлат раҳбари янги тайинланган элчиларни мамлакатимиздаги дипломатик миссияси бошлангани билан самимий табриклади.

Ўзбекистон хорижий мамлакатлар ва халқаро тузилмалар билан конструктив мулоқотни янада ривожлантириш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва амалий шерикликни кенгайтиришга муҳим аҳамият қаратаётгани таъкидланди.

Юртимизда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар, янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган стратегик дастур ва лойиҳаларнинг устувор йўналишлари алоҳида қайд этилди.

Бу борада пандемия оқибатларини енгиб ўтиш ва барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш, аҳолининг барча қатламларини манзилли қўллаб-қувватлаш ва уларнинг турмуш даражасини ошириш, узоқ муддатли ўсишнинг янги нуқталарини шакллантириш ва мамлакатимизнинг глобал рақобатбардошлигини таъминлаш масалалари диққат марказида турибди.

Ташқи сиёсатнинг асосий йўналишлари ҳақида сўз юритар экан, Ўзбекистон президенти Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари ва жаҳоннинг етакчи давлатлари билан стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.

Бугун биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан савдо, инвестиция ва инновациялар, рақамли технологиялар ва “яшил иқтисодиёт”, транспорт, транзит ва логистика, молия, тиббиёт ва кўплаб бошқа соҳалардаги ҳамкорлик кенгайиб бормоқда.

Шу билан бир қаторда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, МДҲ, ШҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий кенгаш ва бошқа нуфузли тузилмалар доирасидаги яқин мулоқотни давом эттириб, кўп томонлама алоқаларни ривожлантирмоқда, глобал молиявий институтлар билан шерикликни кенгайтирмоқда.

Давлат раҳбари янги элчилар вакиллик қилаётган мамлакатлар билан кенг кўламли ва узоқ муддатли ҳамкорликнинг истиқболларига алоҳида тўхталиб ўтди.

Бангладеш Жанубий Осиёдаги муҳим ҳамкоримиз ҳисобланади, дўст халқларимизни маънавий ва маданий қадриятлар, муқаддас динимиз азалдан боғлаб келади.