Ўзбекистон | 11:55 / 24.04.2021
12631
2 дақиқада ўқилади

«Прокурорлар ташаббуси билан 57 нафар шахсга оқлов ҳукми чиқарилди» – Ниғматилла Йўлдошев

2020 йилда прокурорлар ташаббуси билан турли жиноятларни содир этганликда гумон қилинган 57 киши оқланган. Бу ҳақда Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Сенат ялпи мажлисидаги ҳисоботида маълум қилди.

«Фаолиятимизнинг яна бир муҳим йўналиши бу прокурорларимизнинг судлардаги иштироки билан боғлиқ. 2020 йилда 119 мингта ишлар кўрилишида прокурор иштироки таъминланди, судларнинг 3 мингдан ортиқ ноқонуний қарорлари прокурорлар протестлари асосида қонунларга мослаштирилди.

Бу жами ўзгартирилган ва бекор қилинган суд қарорларининг 31 фоизини ташкил этади. Прокурорлар ташаббуси билан 57 нафар шахсга оқлов ҳукмлари чиқарилди», дея Ниғматилла Йўлдошевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ, Олий суд Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси 2020 йилда судланган шахсларнинг 781 нафари оқлангани ва реабилитация қилинганини маълум қилганди.

2020 йил 27 июль куни бўлиб ўтган брифингда Олий суд раисининг ўша пайтдаги ўринбосари Холмўмин Ёдгоров охирги 3 йилда 2273 шахс оқлангани, илгари оқлов деган тушунча бўлмаганини таъкидлаганди.

2021 йил 16 март куни Олий суд томонидан ўтказилган матбуот анжуманида 4 йилда 2 минг 770 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилгани, шунингдек, 3 минг 434 нафар шахс суд залидан озод қилиниб, 5 минг 958 нафар фуқарога нисбатан асоссиз қўйилган моддалар айбловлардан чиқарилган ёки ўзгартирилгани айтилганди.

Мавзуга оид