Парагвай президенти Сантияго Пеня видеомурожаатда ўз истеъфоси ҳақида эълон қилди. Бу маҳаллий Ueno Bank банки касодга учраши ортидан юзага келган сиёсий инқироз фонида рўй берди. Банк операцияларни тўхтатган ва мамлакат Марказий банки ташқи бошқарувига ўтган.
Натижада ушбу банкда ўз жамғармаларини сақлаган қарийб уч миллион киши ўз ҳисоб рақамларига кириш имкониятини йўқотди. Мамлакатда норозилик намойишлари бошланди – улар ўтган йилгача банкни назорат қилган гуруҳнинг акциядори бўлган Пенянинг истеъфосини талаб қилишди.
«Агар қаердадир ишончни оқлай олмаган бўлсам, халқимдан узр сўрайман. Менда ҳеч қачон билдирилган ишончингизга хиёнат қилиш нияти бўлмаган», – деган Пеня.
Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеомурожаатида президент барқарорлик, ижтимоий осойишталик ва демократик институтлар сақланиб қолиши учун истеъфога чиқаётганини билдириб, ўзи томонидан қандайдир ноқонуний хатти-ҳаракатлар бўлгани ҳақидаги даъволарни рад этган.
У ўзи учун устувор вазифа – жамғармаларини Парагвай молия тизимига ишониб топширган «парагвайликларнинг осойишталиги» экани ҳамда «ушбу маблағлар кафолатли қайтарилиши» тарафдори эканини қўшимча қилган.
Аввалроқ Парагвай Конгрессининг қуйи палатаси президентга импичмент эълон қилиш жараёнини бошлаш учун овоз берганди, президент мансуб бўлган партия депутатлари ҳам унинг четлатилишини қўллаб-қувватлаган. Пеня манфаатлар тўқнашувига йўл қўйишда ҳамда Ueno банки касод бўлаётгани билан боғлиқ фактларни яширишда айбланмоқда.
Энди вице-президент Педро Аллиана вақтинча давлат раҳбари лавозимини эгаллайди.
Парагвайдаги ҳукмрон «Колорадо» консерватив партияси вакили бўлган Сантияго Пеня 2023 йилги президентлик сайловларида сўл-марказчи кучлар номзодини мағлуб этиб, ҳокимиятга келганди.
Ueno Bank банки маълумотларига кўра, унинг мижозлари сони уч миллион киши атрофида – бу Парагвайнинг катта ёшли аҳолисининг қарийб 60 фоизини ташкил этади.
Банкда пенсиялар ва айрим бошқа давлат маблағлари сақланган. Ҳафта бошида банк касодга учрагани маълум бўлгач, миллионлаб одамлар ўз ҳисобварақларидан фойдалана олмай қолди.
Марказий банк мазкур рақамли банкни ўз назоратига олди. Шундан кейин аҳоли кўчаларга чиқиб, Пенянинг истеъфосини талаб қила бошлади.











