Ўзбекистон | 11:47 / 30.04.2021
2333
2 дақиқада ўқилади

Олий суд раиси ўринбосари раҳбарлигида ўтган оммавий қабулнинг илк кунида 130 дан ортиқ мурожаат келиб тушди

Фото: KUN.UZ

Республика ишчи гуруҳи томонидан 28 апрель куни Чуст, Поп, Тўрақўрғон туманларидаги фуқаролар учун Чуст туманининг Бибиона оромгоҳида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий қабул ўтказилди. 

Қабулда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Робахон Маҳмудова раҳбарлигидаги Олий суд судьялари ва вилоят, туман (шаҳар) суди раислари ҳамда судьялари иштирок этишди.

Ўтказилган қабуллар давомида фуқаролардан 45 та фуқаролик, 89 та жиноят, 2 та иқтисодий ва 17 оммавий ҳуқуқий муносабатларга оид жами 138 та мурожаат келиб тушди. Шундан 28 та мурожаат ижобий ҳал қилинди, 34 та мурожаат бўйича фуқаролардан апелляция ва кассация бўйича ариза ва шикоятлари кўриб чиқиш учун қабул қилинди.  76 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди. 

Оммавий қабул доирасида туман судлари томонидан сайёр суд мажлислари ўтказилди. Жумладан, жиноят ишлари бўйича Поп туман суди раиси Дилмурод Мадаминов томонидан 6-сонли ЖИЭМда ўтказилган сайёр суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан 3 нафар маҳкум жазонинг ўталмаган қисмидан шартли равишда озод қилинди, ушбу кодекснинг 74-моддасига кўра 5 нафар маҳкумнинг жазолари енгилроғи билан алмаштирилиб жазони ижро этиш муассасасидан озод этилди. Бундан ташқари, 17 нафар маҳкум суд томонидан тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини манзил-колонияларда ўташи белгиланди.

Бундан ташқари, Поп туман маданият марказида ўтказилган сайёр судда 6 нафар, Тўрақўрғон туман судида ўтказилган суд мажлисида 5 нафар жазони ўтаётган шахслар жазодан муддатидан олдин озод қилинди.  

Туман судлари томонидан жиноят иши бўйича ўтказилган сайёр судларда эса 4 судланувчиларга қонун санкциясида белгиланган жазодан ҳам енгил жазо тайинлаш масаласида мурожаатлари қаноатлантириб, уларга нисбатан енгил жазо тайинланган. 

Сайёр қабул жараёнлари вилоят бўйлаб давом этмоқда.

Мавзуга оид