Америка Қўшма Штатлари ва «Толибон» вакиллари томонидан 2020 йил 29 февралда тузилган шартномага кўра, АҚШ ҳамда НАТО иттифоқчилари 14 ой ичида ўз қўшинларини Афғонистон ҳудудидан олиб чиқиши назарда тутилган эди. Бу жараён сайловларда Жо Байденнинг ғалабасидан кейин савол остида қолганига қарамасдан, АҚШнинг янги президенти 2021 йил 11 сентябргача барча қўшинлар Афғонистондан олиб чиқилишини маълум қилди.
Халқаро терроризм маркази сифатида эътироф этиладиган, гиёҳванд моддалар етиштиришда юқори ўринларда борувчи ва 30 йилдан ошиқ вақт давомида фуқаролар уруши гирдобида бўлган Афғонистон халқаро аксилтеррор кучлар чиқиб кетишидан сўнг минтақадаги сиёсатга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
Биринчи сценарий: «оптимистик тараққиёт»
Шуниси аниқки, Қўшма Штатлар ҳарбий контингентининг эвакуация қилиниши мамлакатни сиёсий вакуум ҳолатида қолдириб кетади. Агар расмий ҳукумат ва «Толибон» вакиллари ўзаро келишувга эриша олса ҳамда халқаро шартномада келишилган бандларга амал қилишса, Афғонистон тинчлиги ва тараққиёти учун хизмат қиладиган кенг кўламли ислоҳотларни бошлаш имконияти яратилади. Бунинг учун, авваламбор, расмий Кобул ва «Толибон» вакиллари давлат тузилиш шакли, бошқарув тизими ва халқаро ҳамкорлари борасида ягона келишувга эришиши талаб этилади.
Ваҳоланки, ушбу масалада бир-бирига қарама-қарши бўлган саволлар бисёр: Афғонистон федерацияга айлантириладими ёки республикалигича қоладими? Давлат бошқарув шакли «Толибон» талаб қилаётгандек диний йўналишда қуриладими ёки дунёвий бошқарув амалиёти қўлланадими? Агар дунёвий давлат бўладиган бўлса, «Толибон» «янги ҳаёт тарзи»га қанчалик толерантлик кўрсата олади? Асосий халқаро ҳамкор сифатида «Толибон» хоҳлаётган Покистон танланадами ёки расмий ҳукумат алоқаларини ривожлантириб бораётган Ҳиндистонми? Ҳолбуки, Ҳиндистон ва Покистон геосиёсий нуқтайи назардан стратегик рақиб давлатлар ҳисобланишади.
Иккинчи сценарий: «Вьетнам синдроми»
Қўшма Штатлар томонидан қолдириладиган сиёсий вакуум минтақадаги ўзининг йирик дастурларини илгари сураётган Хитой томонидан тўлдирилиши мумкин. Айнан Афғонистон ҳудудига кирувчи Ваҳан коридори тарихан Буюк ипак йўлининг тоғлар орасидан кесиб ўтувчи дараси бўлган. Пекиннинг ушбу йўл орқали савдо-сотиқ ва инфратузилмани қайта тиклаш борасидаги амбициялари Хитой ҳукуматининг Афғонистон борасидаги сиёсатини фаоллаштириши мумкин. Шунингдек, дунёда етакчи давлатга айланишга уринаётган Хитой шу орқали шарқий чегараларида ўзига хос «буфер зона» ҳам яратиб олади. Лекин айнан нега Қўшма Штатлар стратегик рақобатчисига Афғонистон бўйлаб ҳаракатланиши учун «яшил йўлак» очиб берди?

















