— 2021 йил бошидан бери жаҳон бозорида ўсимлик ёғи нархлари 21 фоизга ошди. Ўзбекистонда эса 30 фоиз ошгани кузатилмоқда. Бу қадар юқори тафовутнинг сабаблари нимада?

— Тўғри, жаҳон миқёсини оладиган бўлсак, нархлар 21 фоизга ошди. Биз кунгабоқар ёғи импорт қиладиган асосий давлат Россияда нархлар 30 фоиздан зиёд даражада юқорилади. Шу сабабли бизда ҳам нархлар 30 фоизгача ошиши кузатилди.

Бундан ташқари, Россияда нарх ошиши билан бирга, биздаги логистика хизматлари ҳам бор. Нархларнинг ошиш суръатлари логистика жиҳатдан ҳам фарқ қилади.

Тайёр маҳсулотни олиб келиш учун логистика харажатлари бўлади. Пандемия сабабли логистика хизматлари нархларида ўсиш кузатилди.

Шунинг учун жаҳон бозори ёки Россиянинг ички бозоридаги кунгабоқар ёғи нархининг ўсиши билан бизнинг ички бозордаги кунгабоқар ёғи нархи ўсиш тенденцияси фарқ қилади. Асосий сабаб шунда.

Ўтган йили 258 минг тонна ўсимлик ёғи импорт қилганмиз. Шундан 68 фоизи Россиядан, қолган қисми Қозоғистон ва Украинадан олиб келинган.

— Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан пахта ёғи ва чигити нархи шаклланиши устидан назорат кучайтирилгани хабар қилинди. Бу нархларга қандай таъсир қилади?

Монополияга қарши курашиш қўмитаси бошқарма бошлиғи Улуғбек Давлатов 

— Қўмитанинг тегишли буйруғига асосан, комплекс ўрганиш ташкил этилди. Назорат кучайтирилди.

Биз бу ишни икки йўналишда амалга оширамиз. Биринчиси, нарх бўйича, яъни нархларга таъсир этувчи омилларни, уларнинг шаклланиши, нималар нархлар ошишига таъсир қилгани юзасидан ўрганишлар олиб борилмоқда.

Иккинчи йўналишда ёғ-мой корхоналарини ёки уларга чигит етказиб берувчи кластер корхоналарининг ўзаро муносабатини ўрганамиз. Бунда ҳар қандай тил бириктириш ҳолатлари, бозордаги улуши 35 фоиздан юқори хўжалик субъектларининг нархларни сунъий ушлаб туриши бор-йўқлиги, маҳсулот танқислигини келтириб чиқариш мақсадида бир-бири билан келишиб олинганлик ҳаракати текширилади.

Нарх масаласига келсак, республикамизда бугунги кунда 80 дан ортиқ ёғ-мой ишлаб чиқарувчи корхоналар бор. Шундан 23 таси – «Ўзёғмойсаноат» уюшмасига аъзо корхоналар. Булар монополист сифатида давлат реестрига киритилган. Яъни биз уларнинг нархлари шаклланиши юзасидан ўрганишлар ўтказишимиз мумкин.