2021 йил охирига қадар Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти тадқиқот ядро реакторининг автоматик қувватни бошқариш тизими учун мўлжалланган махсус ускуналар билан таъминланади, деб хабар бермоқда «Дунё».
Ўзбекистоннинг Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) ҳузуридаги доимий ваколатхонаси маълумотига кўра, МАГАТЭ ўтган ўн йил мобайнида техникавий ёрдам лойиҳалари орқали мамлакат Фанлар академияси Ядро физикаси институти илмий-тадқиқот ядро реакторининг энг муҳим тугунлари ва тизимларини модернизациялашга кўмаклашмоқда. Лойиҳалар доирасида замонавий назорат-ҳимоя тизими жорий этилади, дозиметрия, электр таъминоти, шошилинч шамоллатиш тизимлари модернизация қилинади ва совитиш тизими элементлари алмаштирилади.
Яқинда МАГАТЭ техникавий ҳамкорлик бўлими «Ядро физикаси институти тадқиқот ядро реакторининг ядровий хавфсизлигини ошириш ва самарали ишлатилишини мустаҳкамлаш» лойиҳаси доирасида тадқиқот ядро реактори автоматик электр назорат тизими учун мўлжалланган махсус ускуналарни етказиб бериш бўйича Россиянинг «СНИИП-СИСТЕМАТОМ» компанияси билан шартнома имзолади.
2021 йил охиригача етказилиши режалаштирилган мазкур ускуналар ядро реактори хавфсизлигини таъминлайди, шунингдек, ундан фойдаланиш тезлигини оширади.
Мазкур лойиҳанинг муҳим таркибий қисми кадрлар малакасини оширишга қаратилган. Лойиҳа доирасида Фанлар академияси Ядро физикаси институти мутахассисларининг МАГАТЭ томонидан ўтказиладиган ўқув курслари ва семинарларда иштироки ҳамда етакчи хорижий марказларга илмий сафарларини ташкил этиш кўзда тутилган.
















