Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 28 апрелдан 5 майга қадар Ўзбекистонда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича ўзгаришини таҳлил қилди.
Ўсимлик ёғи қайси ҳудудларда ошгани ва тушгани ҳақида
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ҳафта охирига келиб, республикада бир литр ўсимлик ёғининг ўртача нархи 0,5 фоизга пасайиб, 19 минг 104 сўмни ташкил этди.
Ўртача нархлар диапазони Андижон вилоятида бир литр учун 17 минг 218 сўм, Тошкент шаҳрида 20 минг 596 сўмгача бўлган оралиқда ўзгариб борди.
9та вилоятда ўсимлик ёғи нархларининг пасайиши кузатилмоқда. Энг юқориси – Навоий (2,4 фоизга) ва Самарқанд (2,2 фоизга) вилоятларида қайд этилди.
Туманлар таркибида ўсимлик ёғи нархининг бир литри учун энг катта пасайиш Вобкент (8,3 фоиз), Тўрткўл (6,3 фоиз), Жомбой (5,5 фоиз), Элликқалъа (5,4 фоиз), Пахтачи (5,1фоиз), Мирзачўл (5 фоиз) туманларида кузатилган.
Ҳафта давомида нархлар 5та вилоятда ошди, улардан энг баланди Сирдарё (1,6 фоизга), Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрига (0,7 фоизга) тўғри келади.
Бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари нархларидаги ўзгаришлар
Ўтган ҳафтада республикада ўртача нархларнинг ўсиши:
- мол гўшти 0,4 фоизга, килоси 61 минг сўмгача;
- картошка 1,6 фоизга, килоси 4 минг 655 сўмгача;
- тухум 0,1 фоизга, ўнтаси 10 минг 761 сўмгача;
- буғдой уни 0,1 фоизга, килоси 4 минг 839 сўмгача;
- шакар 0,5 фоизга, килоси 8 минг 309 сўмгача қайд этилди.
Ҳудудлар кесимида энг юқори нарх ўсиши:
- мол гўшти – Навоий (1,7 фоиз) ва Сурхондарё (1,8 фоиз) вилоятларида;
- сут – Тошкент шаҳрида (0,8 фоиз);
- тухум – Тошкент вилояти (1,1 фоиз) ва Қорақалпоғистонда (0,8 фоиз);
- картошка – Хоразм (7,9 фоиз), Тошкент (6,1 фоиз), Самарқанд (4,2 фоиз) вилоятларида;
- гуруч – Сирдарё (0,9 фоиз) ва Тошкент (0,8 фоиз) вилоятларида;
- буғдой уни Андижон (3,5 фоиз) ва Хоразм (1,4 фоиз) вилоятларида;
- шакар – Сурхондарё вилоятида (3,3 фоиз), Тошкент шаҳрида (1,8 фоиз) кузатилди.














