
20 май куни Италиянинг Венеция шаҳрида, халқаро меъморчилик биенналеси доирасида Ўзбекистон павильонининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири Венециядан хабар бермоқда.
Ўзбекистон ушбу йирик архитектура ва санъат тадбирида илк марта қатнашмоқда. Миллий павильон ўзбек маҳаллаларига бағишланган.
«Маҳалла: шаҳар ва қишлоқ ҳаёти» номли лойиҳадан мақсад – халқаро даражадаги маданий тадбирларда миллий иштирокни таъминлаш ҳамда ўзбек маҳаллаларининг ўзига хос жиҳатларини очиб бериш.
Очилиш маросимида Ўзбекистон номидан бош вазир ўринбосари – миллий павильон ташкилий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кенгаши раисининг ўринбосари Саида Мирзиёева ва жамғарма ижрочи директори Гаянэ Умерова ва лойиҳанинг бошқа иштирокчилари қатнашди.

«Лойиҳа ташкилий қўмитаси раиси сифатида павильонимизга ташриф буюрганингиздан миннатдорман. Умид қиламанки, миллий павильонимизда тақдим этилган Ўзбекистоннинг бой маданий мероси сизда завқ уйғотмай қолмайди.
Айни пайтда биз Венеция Республикасини дунёнинг бошқа қисмлари билан боғлаб турган тарихий кемасозлик маскани – Арсеналда турибмиз. Бугун ҳам бутун дунё шу ерда жам бўлган. Бу галги биеннале халқаро алоқаларга жиддий салбий таъсир қилган коронавирус пандемияси йилидан кейин бўлиб ўтаётгани айниқса муҳим», – таъкидлади Азиз Абдуҳакимов.

Маданият ва санъат фонди раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ўз сўзида фонд ва ташкилотчилар Ўзбекистон миллий маданий мероси мавзусида экспертлар билан очиқ мулоқотга тайёрлигини қайд этди.
«Венеция биенналеси – жуда кўплаб ажойиб инсонлар, экспертлар, профессионаллар, энтузиастларни бир жойда жамлайдиган, уларга маданиятлар алмашинуви учун беқиёс имконият тақдим этувчи фантастик анжуман.
Бу ердаги бизнинг кўргазмамиз маҳаллага бағишланган. Маҳалла – такрорланмас меъморий-ижтимоий феномен; жамият ичида яшашнинг анъанавий усули, қўшничиликнинг бир шакли ва маҳаллий бошқарув бирлиги.



















