Жаҳон | 09:00 / 24.05.2021
7694
3 дақиқада ўқилади

Европа иттифоқи Ryanair самолётининг Минскда қўндирилишини батафсил тергов қилишга чақирди

Фото: TASS/EPA

Европа иттифоқи раҳбарлари Минскда Ryanair авиакомпаниясининг бортида Nexta телеграм-каналининг собиқ муҳаррири Роман Протасевич бўлган самолётининг фавқулодда қўндирилишини қоралаб чиқишди ва самолётдаги барча йўловчилар қўйиб юборилишини талаб қилишди.

Аввалроқ Афинадан Вильнюсга учган самолёт «миналаштириш» ҳақидаги хабардан сўнг Минскдаги аэропортга қўндирилган. Маълумотларга кўра, Минскда йўловчилар самолётдан туширилган ва қайта текширувдан ўтказиш учун аэропорт ичкарисига олиб кетилган, шу вақтда Протасевич қўлга олинган.

Европа иттифоқи бош органи - Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен самолёт билан юз берган ҳодисани “номақбул” деб атади.

“Афинадан Вильнюсга учган самолётни Минскда қўнишга мажбур қилиш мутлақ номақбул ҳодисадир. Барча йўловчилар Вильнюсга йўлларини зудлик билан давом эттириш имконига эга бўлишлари керак. Ҳаво транспорти халқаро қоидаларининг ҳар қандай бузилиши жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин”, деб ёзган Еврокомиссия раҳбари твиттерда.

Фон дер Ляйен Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти ICAO’ни самолётнинг Минскка қўндирилишини тергов қилишга чақирган.

Ўз навбатида Еврокенгаш раиси Шарль Мишель ҳам самолёт ва барча йўловчиларни қўйиб юборишга чақирган. Шунингдек, Европанинг кўплаб етакчилари, жумладан Финландия президенти Саули Ниинистё, Австрия ва Эстония ташқи ишлар вазирлари Протасевичнинг озод қилинишини талаб қилишган.

Беларусь президенти Александр Лукашенко матбуот хизматига яқин бўлган “Пул первого” канали самолёт Минскка қўндирилгандан кейин Лукашенко Европани ҳимоя қилгани ҳақида мақола эълон қилган. “Вазият ҳақида президентга маълум қилинган. Лукашенко самолётни ортга қайтаришни ва қабул қилишни буюрган”, деб айтилган мақолада.  

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари Ryanair’ни танқид қилишга тушиб кетишган. Улар компаниянинг Instagram’даги постига изоҳларда ҳодиса юзасидан тушунтириш беришни талаб қилишган ва компанияни “инсониятга қарши жиноят содир этишда” айблашган ва “диктаторнинг шериги” деб аташган.

Кейинроқ компанияда Беларусь расмий идоралари йўловчи самолёти хавфсизлиги таҳдид остида эканини маълум қилгани ва экипаж Минскда қўнишга кўрсатма олгани айтилган.

“Ҳеч қандай хавфли нарса топилмади ва расмий идоралар самолётга йўловчилар ва экипаж билан парвозни давом эттиришга рухсат берди. Минск аэропорти Ryanair’га самолёт Британия вақти билан соат 17да учиб кетишини маълум қилган”, деб айтилган компанияда.

Nexta канали 2020 йил августда Беларусда ўтган президент сайловларидан кейин ҳукуматга қарши норозилик намойишларини фаол ёритган ва уларни уюштиришга чақирган. Беларусда ушбу Telegram-канал экстремистик деб топилган. Протасевичнинг ўзи эса террорчиликка алоқадор шахслар рўйхатига киритилган ва қидирувга берилган.

Мавзуга оид