Молия вазирлиги 2020 йилдаги давлат бюджети ижроси бўйича навбатдаги ҳисоботни эълон қилди.
Қайд этилишича, 2020 йил учун қабул қилинган консолидациялашган бюджетнинг параметрлари прогноз қилинаётган ялпи ички маҳсулот ўсиши кўрсаткичи 5,5 фоизга асосланган ҳолда ҳисоблаб чиқилди. Коронавирус инфекцияси пандемияси шароитида 2020 йилда ЯИМ ўсиш суръати 1,6 фоизга секинлашди.
Жорий нархларда ЯИМ ҳажми 580,2 трлн сўмни ёки 57,7 млрд АҚШ долларини ташкил этди.
2020 йил якунларига кўра, реал ҳажмдаги аҳоли жон бошига ЯИМ 0,3 фоизга камайди (2019 йилда 3,8 фоизга ошди) ва 16 миллион 949 минг сўмни ёки 1 минг 685 АҚШ долларини ташкил этди.
Ўтган йил якунида давлат бюджети даромадлари 132 трлн 938 млрд сўмни ташкил этиб, белгиланган прогноз кўрсаткичларига нисбатан 4 трлн 478 млрд сўм ёки 103,5 фоизга ошириб бажарилди. 2019 йил кўрсаткичлари билан солиштирилганда даромадлар 20 трлн 774 млрд сўм ёки 18,5 фоизга ошди.
Бунда Давлат солиқ қўмитаси маъмурчилигидаги даромадлар 103 трлн 562 млрд сўмни, давлат божхона қўмитаси маъмурчилигидаги даромадлар 24 трлн 708 млрд сўмни, бошқа даромад манбалари бўйича тушумлар 4 трлн 668 млрд сўмни ташкил этди.
2020 йилда давлат бюджети харажатларига 144 трлн 142 млрд 7 млн сўм сарфланди. Ҳисоботда қўшимча харажатларнинг аксарият қисми (12,8 трлн сўм) глобал инқироз ҳолатлари ва коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларини юмшатиш бўйича харажатларни молиялаштиришга йўналтирилган Инқирозга қарши курашиш жамғармаси харажатларига тўғри келиши билдирилган.
Ўтган йил якунида консолидациялашган бюджет умумий фискал балансининг тақчиллиги 26,1 трлн сўмни (ЯИМга нисбатан 4,5 фоиз), тасдиқланган бюджетда 17,8 трлн сўмни (ЯИМга нисбатан 2,7 фоиз) ташкил этди.
Вазирлик бюджет тақчиллиги ошишини коронавирус инфекцияси пандемияси шароитида иқтисодиётни ва аҳолини қўллаб-қувватлаш учун харажатларнинг ортиши зарурияти билан изоҳлади.
2020 йилда 27 трлн 703 млрд сўм ҳисобида Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларининг даромадлари шакллантирилди. Маҳаллий бюджет харажатлари эса 47 трлн 191 млрд сўм ҳисобида ижро этилди.
«Маҳаллий бюджетлар мувозанатини таъминлаш мақсадида бюджетлараро трансфертларни тартибга солиш орқали уларнинг даромадлари ва харажатлари ўртасидаги фарқ қопланди», дейилади ҳисоботда.















