Лукашенко Ҳукумат уйининг Овал кабинетида парламентарийлар ва конституцион комиссия аъзолари қаршисидаги чиқиши чоғида Ryanair авиакомпанияси рейси Минскда тўхталишиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан илк марта изоҳ берди.

Президент матбуот хизматига яқин бўлган «Пул первого» телеграм-каналида маълум қилинишича, Лукашенко «қонун доирасида ҳаракат қилиб, барча халқаро қоидаларга риоя этган ҳолда одамларни ҳимоя қилгани» ҳақида айтган ва лайнер Беларусь қуролли кучларининг МиГ-29 русумли қирувчи самолёти томонидан мажбуран қўндирилгани ҳақидаги гапларни «мутлақо ёлғон» деб атаган.

«Cамолёт миналангани ҳақидаги хабар Швейцариядан келиб тушди. Биз қандай ҳаракатланишимиз лозим эди? Бизни IP-манзиллари Польша, Литва ва Латвияники бўлган самолётлар доимий равишда «миналашади». Биз маълумотни экипажга етказдик, уларда қарор қабул қилиш учун етарли вақт бўлди.

ҲАМАСми, ҲАМАС эмасми, бунинг аҳамияти йўқ. Бортни на Вильнюс, на Варшава, на Киев, на Львов қабул қилишни хоҳлади. Самолёт БелАЭС яқинида бурилди, агар бомба чиндан бўлганидачи — Чернобил каммиди? Бомба бўлса бўлмаса, агар менга самолётда террорчи борлигини айтишса, мен дарҳол самолётни қўндиришга буйруқ бераман. Қирувчи самолёт мутлақо қоидалар бўйича кўтарилди, мен мамлакат хавфсизлиги ҳақида ўйладим, мен самолёт бизнинг одамларимиз бошига қулашига йўл қўя олмасдим.

Самолётда қонли исён уюштирмоқчи бўлган террорчи бўлган ва бу ҳақда Беларусдан узоқ-узоқларда ҳам билишади. У ва унинг шериклари кимларга ишлайди? Мен қонуний ҳаракат қилдим ва бундан кейин ҳам шундай бўлади. Аммо самолёт қўнишга улгурмасидан Ғарбдан айбловлар ва парвозларни тақиқлашга чақириқлар келиб туша бошлади. Жуда тез «реакция қилишди». Мақсад аниқ. Беларусда бундай ишлар қилишдан ким манфаатдорлиги ҳам аниқ. Биз совуқ урушнинг эмас, музли урушнинг олдинги сафидамиз», деган у.

Лукашенко Ryanair рейси экипажи самолёр эгалари ва Вильнюс аэропорти билан маслаҳатлашгани, аммо ўз ихтиёрлари билан Беларусь пойтахтига қўнишга қарор қилишгани ҳақида маълум қилган.

Беларусь президенти Протасевич ва Сапеги қўлга олинганидан кейин бортга қайтмаган йўловчилар ҳақида ҳам изоҳ берган. «Вильнюсдан барибир қайтиб келиши керак бўлган уч киши самолётдан тушиб қолган, аммо уларни КГБ ходимларига чиқаришди», деган у.

Лукашенко яқин вақтлар ичида қўлга олинганлар «нима гапирган бўлса бари»ни тақдим этишга ваъда берган ҳамда Ғарб давлатларининг ушбу ҳодисага билдирган реакциясини қоралаган.

«Биз гиёҳванд моддалар ва мигрантларни тўхтатиб тургандик – энди уларни ўзингиз ейсиз ва ушлайсиз», дейди у.