23 май куни Лукашенконинг буйруғи билан ҳарбийлар Афинадан Вильнюсга йўл олган Ryanair авиакомпанияси самолётини Минскка қўндиришди. Самолёт бортида Беларусь ҳукуматига қарши намойишларни фаол ёритган ва мухолифатчиларнинг биринчи рақамли ресурсига айланган Nexta Telegram каналининг собиқ бош муҳаррири Роман Протасевич ва унинг севган қизи бор эди — самолёт қўнганидан кейин улар қўлга олинди, қолган йўловчилар эса етти соатдан кейин парвозни давом эттириш учун қўйиб юборилди.
Бу ҳодиса халқаро инқирозли ҳолатни келтириб чиқарди.
Ирландия лоукостери бўлмиш Ryanair компанияси рейс экипажи Беларусь ҳаво ҳаракати бошқармаси томонидан бортда хавфсизликка потенциал таҳдид борлиги ҳақида огоҳлантирилгани ва бортни энг яқин аэропорт — Минскка йўналтириш ҳақида кўрсатма олгани ҳақида маълум қилди.
Компания бош директори Майкл O'Лири йўловчи самолёт мажбуран Минск аэропортига қўндирилишини «давлат қароқчилиги» дея тавсифлади. «Моҳиятан, бу диктатор томонидан бошқариладиган режимнинг одам ўғирлаш ҳаракатидир», деди Майкл ОʼЛири. У лайнер бортида Беларусь махсус хизматлари ходимлари ҳам бўлганини тахмин қилди. Унинг сўзларига кўра, Минскда самолётдан одамлар туширилгач, беш ёки олти киши унга қайтиб чиқмаган.
Лайнер Афинадан Вильнюсга учаётган бўлган. Литва полицияси маълумотига кўра, унинг бортига Грецияда 126 киши чиққан, Минскдан Вильнюсга 121 йўловчи учиб келган. Самолётдан тушиб қолганларнинг икки нафари маълум — бу Роман Протасевич ва Софья Сапега. Яна уч киши ким экани номаълумлигича қолмоқда. Лайнер Минскка қўндирилиши юзасидан Литвада «самолёт қўлга олиниши ва одамларга халқаро ҳуқуқда тақиқланган тарзда муомала қилиш факти» бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Авиакомпаниялар Беларусни айланиб ўтган ҳолда учишга қарор қилмоқда. Ҳозиргача Латвиянинг airBaltic, Нидерландиянинг KLM, скандинавларнинг SAS, венгрларнинг Wizz Air, немисларнинг Lufthansa, французларнинг Air France, Австриянинг Austrian Airlines, Польшанинг LOT, Сингапурнинг Singapore Airlines, Финландиянинг Finnair ҳамда Испаниянинг Iberia авиакомпаниялари Беларусь ҳаво ҳудудига киришни тўхтатди. Литвадаги аэропортларга Беларусь устидан учувчи самолётларни қабул қилиш тақиқланди. Бундан ташқари, Литва ўз фуқароларига Беларусга сафар қилмасликни тавсия қилмоқда, у ердаги фуқароларни эса тезда ушбу мамлакатни тарк этишга чақирмоқда. Беларусларнинг «Белавиа» авиакомпанияси бунга жавобан Вильнюсга рейсларни бир ой муддатга тўхтатган.




















