Александр Лукашенко 11 сентябр куни Брест вилоятидаги «Обуз-Лесновский» умумқўшин полигонида журналистлар билан мулоқот чоғида армиядаги текширувлар ҳақида гапирди. Унинг сўзларини БелТА давлат агентлиги келтирган.
Лукашенконинг айтишича, Беларус Қуролли кучларининг барча бўлинмалари босқичма-босқич текширилади ва жараён сафарбарлик тайёргарлигигача етиб боради.
«Мен аввал ҳам оддий қилиб айтганман: армияни силкитиш керак, вақти келди. Бутун армияни. Ҳаммани, ҳатто сафарбарликкача текширамиз», — деди у.
Беларус раҳбарининг маълум қилишича, танк ва мотўқчи бўлинмаларда текширувлар аллақачон ўтказилган. Айни пайтда артиллерия бригадасида шундай тадбирлар давом этмоқда.
«Уруш бўлмаслиги учун урушга тайёргарлик кўряпмиз», — деди Лукашенко.
У барча Қуролли кучлар текширувдан ўтказилишини таъкидлаб, ҳарбий тайёргарлик шароитлари имкон қадар ҳақиқий жанг ҳолатига яқинлаштирилиши кераклигини айтди.
Лукашенко бу ёндашувни Россия расмийлари «махсус ҳарбий операция» деб атайдиган Украинадаги урушдан чиқарилган сабоқлар билан изоҳлади.
«Ҳаммаси худди жангдагидек бўлиши керак. Қўшинларимизни шундай тайёрлаш зарур. Бу — махсус ҳарбий операция сабоқлари. Шунинг учун бутун Қуролли кучларни силкитамиз», — деди у.
Лукашенконинг ўғли ҳам армияда хизмат қилмоқда
Лукашенко суҳбат давомида 22 ёшли кичик ўғли Николай армияда хизмат қилаётганини ҳам маълум қилди.
Николай Лукашенко ёзда Пекин университети ва Беларусь давлат университетининг «Биотехнология» қўшма дастури бўйича диплом олган.
Лукашенконинг сўзларига кўра, унинг ўғли бошқалар қатори ҳарбий хизматга чақирилган ва ҳозир лейтенант сифатида хизмат қилмоқда.
«Ҳатто ҳеч ким билмасди. Виктор [мудофаа вазири Виктор Хренин] чақирди. Армияда ҳамма қатори хизмат қиляпти. Лейтенант. Қаердалигини айтмайман, аммо энг мураккаб бўлинмада», — деди Лукашенко.
Унинг қўшимча қилишича, Николай хизматдан бўш вақтида биотехнология соҳасидаги ўқишларини ҳам давом эттирмоқда.















