Олимлар инсон энг кўпи билан неча йил умр кўриши мумкинлигини ҳисоблаб чиқишди
Сингапур, Россия ва АҚШ олимлари инсон назарий жиҳатдан энг кўпи билан 150 йил яшаши мумкинлиги ҳақидаги хулосага келишди. Уларнинг бу борада олиб борган тадқиқотлари натижалари Nature нашрида эълон қилинган.
Олимлар инсон организми ҳолатини баҳолаш учун биологик ёш тушунчасидан фойдаланишади. Биологик ёш кўпинча инсоннинг ҳақиқий ёшига мос келмайди. Биологик ёшни аниқлаш учун махсус биомаркерлар – қаришни прогноз қилувчи кўрсаткичлар қўлланади. Улар ҳар бир одам учун қаришга қарши самарали воситаларни танлаш имконини беради.
Тадқиқот муаллифлари биологик ёшни қон таҳлили бўйича аниқлаш усулини ишлаб чиқишди ва биологик қаришни баҳолаш учун универсал комплекс кўрсаткич DOSI’ни (dynamic organism state indicator – организмнинг динамик ҳолати кўрсаткичи) қўллашни таклиф қилишди. У организмнинг жисмоний бардошлилиги умумий даражасини кўрсатади.
АҚШнинг саломатлик ва овқатланиш миллий тадқиқоти ва Британия биобанкида сақланган қон таҳлиллари ҳақидаги маълумотлар таҳлили DOSI’га ёш, касалликлар ва турмуш тарзи таъсир қилишини кўрсатган. Олимлар кўрсаткичлар жиcмоний фаоллик даражасига боғлиқ ҳолда қандай ўзгаришини текширишган.
Тадқиқотчилар олинган маълумотлар асосида инсон организми бардошлилиги 120-150 ёшда энг паст даражада бўлишини, жумладан, 150 ёшда нолга яқинлашишини аниқлашган. Бундан эса инсон назарий жиҳатдан кўриши мумкин бўлган максимал умр 150 йилга тенглиги ҳақидаги хулосага келинган.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, улар ишлаб чиққан усул биологик ёшни аниқловчи бошқа усуллардан фарқли, биринчи марта ҳар бир муайян кишининг қанча умр кўришини баҳолаш имконини беради.
Мавзуга оид
10:04 / 29.11.2024
Биологик ёшни ўлчашнинг янги усули таклиф қилиняпти – бу қаришни тўхтатишга ёрдам бериши мумкинми?
07:12 / 06.04.2024
Ўзбекистонда аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги неча ёшлиги маълум бўлди
12:20 / 15.02.2024
Ёшига нисбатан катта кўриниш: одамнинг биологик ёши у ҳақида нималарни айтиб беролади?
23:49 / 08.11.2022