Президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий инфратузилмани яхшилаш мавзусида 28 май куни бўлиб ўтган селекторда соҳадаги коррупция ҳақида тўхталиб ўтди.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида маблағларни самарасиз ишлатиш, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари анча кўп, деди президент Шавкат Мирзиёев 28 май кунги селекторда.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ўтган 2 йил давомида коммунал соҳанинг юзга яқин мансабдор шахслари коррупциявий жиноятлар содир этгани учун жавобгарликка тортилган.
«Масалан, Андижон уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси раҳбарлари 240 миллион сўм, Наманган «Таъмирлаш тиклаш хизмати» корхонаси мансабдорлари 250 миллион сўм бюджет маблағларини талон-торож қилган. Сурхондарё Сув таъминоти бошқармаси ходимлари 540 миллион сўм маблағларни ўзлаштириб юборган.
Шу боис, вазир Шерзод Ҳидоятов, унинг тизими олдида кўп қаватли уй-жойларга хизмат кўрсатишни яхшилаш ва уй-жой фондини янгилаш, соҳада коррупцияни йўқотиш вазифалари устувор этиб белгиланади.
Масалан, Юнусободда 269 та ширкатни (1 мингта кўп қаватли уй) 12 та бошқарув-сервис компанияларига бириктириш ҳисобига, авария ҳолатлари 60 фоизга, муддати ўтган қарздорлик 25 фоизга қисқарган, 1,4 миллиард сўм банк кредити қайтарилган.
Ушбу туманда 110 та кўп қаватли уй-жойга 25 та ширкат (194 та ишчи) қилган ишларни, бугунги кунда 54 та ишчиси бўлган 1 та бошқарув компанияси амалга оширмоқда.
Шу билан бирга, бошқарув компанияси қўшимча 9 та мактаб ва боғча ҳамда 50 та тадбиркорлик субъектларини қамраб олган.
Ширкатларда уй-жойларни сақлаш тарифининг 35 фоизи иш ҳақига кетган бўлса, бошқарув компанияси ишчиларига ойликни 2 бараварга оширганда ҳам, бу кўрсаткич 7-8 фоизни ташкил қилмоқда. Ўтган йилда иш ҳақидан 324 миллион сўм иқтисод қилган», – дея Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.











