Президент Шавкат Мирзиёев 5 ноябрь куни “Навоийуран” корхонаси ва “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” акциядорлик жамиятининг 2026 йилдаги устувор вазифалари ҳамда келгуси режалари юзасидан тақдимот билан танишди.
Тақдимотда дастлаб “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” фаолияти ва уни ривожлантириш режалари кўриб чиқилди. Жорий йил якунига қадар 12 та инвестиция лойиҳасини ишга тушириш, маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар турини кўпайтириш, юқори софликдаги селен ва теллур ишлаб чиқаришни кенгайтириш режалаштирилган.
Давлат раҳбари муҳим минераллар бўйича истиқболли лойиҳаларни тезлаштириб, мавжуд 5 турдаги маҳсулотга (вольфрам, молибден, селен, теллур, рений) қўшимча равишда яна 11 турдаги маҳсулот (никель, кобальт, графит, сурма, қалай, марганец, платина, ванадий, симоб ва мис) ишлаб чиқаришни ўзлаштириш вазифасини қўйди. Шунингдек, соҳага илм-фан ютуқларини кенг жалб этиб, қўшимча минерал захираларни аниқлаш муҳимлиги таъкидланди.
Режага кўра, 2030 йилгача 16 турдаги муҳим металлар бўйича ишлаб чиқариш ҳажмини 2,7 миллиард доллардан ошириш кўзда тутилмоқда.
Айниқса, вольфрамни чуқур қайта ишлаш бўйича йирик лойиҳалар ишлаб чиқилган. Уларни амалга ошириш учун 1,1 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш, 2030 йилга бориб, ушбу йўналишда ишлаб чиқариш ҳажмини қарийб 2,2 миллиард долларга етказиш мўлжалланган.
Шунингдек, ноёб ва камёб ер элементларига бой истиқболли майдонларни ўзлаштириш, комбинатнинг ресурс базасини кенгайтириш ва инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш юзасидан таклифлар кўриб чиқилди.
Тақдимотда “Навоийуран” корхонасининг жорий йилдаги фаолияти ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш режалари ҳам муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда жаҳон бозорида уран хомашёсига талаб 15-20 фоизга ошган. 2030 йилгача эса яна 28 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Бундай шароитда мамлакатда уран қазиб олиш ҳажмини кўпайтириш, янги конларни ўзлаштириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва уран саноатини зарур ресурслар билан барқарор таъминлаш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда жорий йилда геология-қидирув ва технологик бурғилаш ишларини кенгайтириш, ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш, қўшимча сорбция қурилмаларини ишга тушириш ҳамда 250 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Корхонанинг ишлаб чиқариш ҳажмларини оширишда зарур кимёвий реагентлар таъминоти муҳим ўрин тутади. Шу боис, маҳаллий саноат корхоналари ўртасидаги кооперацияни кучайтириш, техник олтингугурт, сульфат ва нитрат кислотасини етказиб бериш ҳажмларини кўпайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берилди.












