10та вазннинг 6тасида олтин медаль ўзбекистонлик спортчиларга насиб этди. Ўзбекистон терма жамоасининг 3 нафар боксчиси Абдумалик Халаков, Элнур Абдураимов ва Санжар Турсунов ярим финалда мағлубиятга учраб, бронза медаллар билан кифояланишганди.

Финаллар кунида дастлаб 49 кг.гача вазн тоифасида Нодиржон Мирзааҳмедов қозоғистонлик Даниял Сабитни 5:0 ҳисобида мағлуб этиб, чемпионликни нишонлади.

-52 кг вазн тоифасида Шаҳобиддин Зоиров ҳиндистонлик номдор рақиби Амит Пангални 3:2 ҳисобида мағлуб этди.

2018 йилги Осиё ўйинларида, 2019 йилги жаҳон чемпионати ва Осиё чемпионатларида ғолиб бўлган Миразизбек Мирзахалилов (-56 кг) эса кутилмаганда мўғулистонлик Харку Энх-Амарга 3:2 ҳисобида мағлуб бўлди.

-69 кг вазн тоифасидаги финалда Бобо-Усмон Батуров ва Абилайхон Жусупов ўзаро тўқнаш келди. 1-раундда қозоғистонлик боксчи жароҳат сабаб жангни давом эттира олмаслиги маълум бўлди ва ғалаба ўзбекистонлик спортчига берилди.

-75 кг вазн тоифасида Саиджамшид Жаъфаров қозоғистонлик Абилхан Аманқул устидан 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Саиджамшид Жаъфаров

-81 кг вазн тоифасидагилар ўртасидаги финалда эса Дилшодбек Рўзметов Эрон вакили Мейсам Гешлабини 3:2 ҳисобида мағлуб этди.

Осиё чемпионатининг марказий жанги +91 кг вазн тоифаси вакиллари Баҳодир Жалолов ва Камшибек Кункабаев ўртасида бўлиб ўтди. Унда ўзбекистонлик боксчи Қозоғистон вакилини 5:0 ҳисобида мағлуб этди ва Осиё чемпионати олтин медалига эга чиқди. Бу Баҳодир Жалолов ва Камшибек Кункабаев ўртасидаги ўзаро 6-жанг эди. Ўзбекистон вакили 4:2 ҳисобида устун келмоқда.

Турнирда учта вазн тоифасида ғолиблик Мўғулистон вакилларига насиб этди - Энҳ-Амар (56 кг), Цендбаатар (60 кг), Чинзориг (64 кг), шунингдек, ҳиндистонлик Санжит (91 кг) ҳам олтин медалга эга чиқди.

Қизлар ўртасида эса вакилларимиз мусобақани 8та медаль — 1та олтин, 5та кумуш, 2та бронза билан якунлашди: Ситора Турдибекова (-57 кг, олтин), Гуласал Султоналиева (-48 кг, кумуш), Ситора Шогдарова (-54 кг, кумуш), Навбаҳор Ҳамидова (-69 кг, кумуш), Мавлуда Мавлонова (-75 кг, кумуш), Соҳиба Рўзметова (-81 кг, кумуш), Моҳинабону Абдуллаева (-64 кг, бронза), Моҳира Абдуллаева (+81 кг, бронза).