Жамият | 12:21 / 07.06.2021
37986
3 дақиқада ўқилади

«Кетмоним – дипломим»: 45 даража иссиқда чопиқ қилаётган қишлоқ аёллари

5 июнь куни Қарши аэропортида самолётда иссиқ туфайли техник носозлик рўй берди ва йўловчилар бортда қолиб кетишди. Ўзбекистонда кузатилаётган иссиқ ҳароратга темир двигателлар дош беролмаган бир пайтда қишлоқ аёллари далада кетмон чопишмоқда. Kun.uz улар билан суҳбат қилди.

Шу кеча-кундузда Навоий вилоятида ҳаво ҳарорати 45 даражагача иссиқ бўлмоқда. Бундай ҳароратда кўпчилик ўзини соя-салқинга олган. Фақатгина қишлоқ аёллари тиниб-тинчимайди, рўзғор ишларидан ортиб, далага меҳнат қилгани ҳам чиқишади. Кармана тумани ҳудудидаги пахта далаларидан бирида қуёшда қорайган қаҳрамонлар — иссиққа парво қилмасдан чопиқ қилаётган хотин-қизлар билан суҳбат қурдик.

Улар далада кунбай ишлашади. 200 метрга яқин узунликдаги пахта даласида битта қаторнинг бегона ўтини тозалаб чиқиш учун 10-12 минг сўм атрофида ҳақ тўланади.

«Кетмонимизни дипломимиз деб ҳисоблаймиз. Чунки, шу кетмон билан ҳалол меҳнат қилиб, рўзғоримизга қўшимча даромад олиб боряпмиз. Меҳнатимиз билан уй қилдик, тўй қилдик, машина олдик. Кунига 90 минг сўмгача топамиз. Уйга боргач, рўзғор ишини ҳам қиламиз.

Ҳозир ишлаётган фермеримиз яхши, тушликда иссиқ овқат, чой ташкил қилиб беради. Ўйин-кулги қилиб, қўшиқ айтиб ишлаймиз. Ҳалол меҳнат қилаётганимиздан фахрланамиз», — дейди Гавҳар Ғиёсова.

15 нафар хотин-қиз ўзаро бир гуруҳ бўлиб олишган. Ҳудуддаги қайси фермернинг иши бўлса, гуруҳ раҳбарига мурожаат қилади ва нарх келишилади. Чопиқчиларни далага олиб бориб, уйига келтириб қўйиш фермернинг зиммасида.

«Эрталаб соат 6:00да ишга келамиз ва 11:00гача ишлаймиз. Сўнг соат 16:00гача дам оламиз. Ғўза қаторини 10-12 минг сўмдан чопяпмиз. Ҳаво жуда исиб кетса, сояга чиқамиз. Аслида, шамол бўлиб тургани учун далада иссиқ унчалик билинмайди», — дейди чопиқчилардан яна бири Зилола Ғиёсова.

Гулноза Ражабова эса ўғли Улуғбек Обидов тўлов-контракт асосида талаба бўлгани, далада меҳнат қилиб, ўғлининг билим олиши учун ҳисса қўшаётганини айтиб ўтди.  

Хулоса қилиб айтганда, жазирамада кетмон чопаётган бу хотин-қизларнинг меҳнати, ҳалол ризқ топаман, дея ҳаракат қилиши таҳсинга лойиқ.

Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири.  

Мавзуга оид