Кармана туманида марҳумларнинг яқинларини алдаб, улардан пул ундирмоқчи бўлган шахс жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Марҳумларга туҳмат
Суд ҳукмига кўра, 24 ёшли А.С. жаноза хабарлари бериб бориладиган Telegram гуруҳдан марҳумлар ҳақида маълумот олиб, уларнинг яқинларидан пул ундиришни режа қилган. У 22 апрел куни Кармана туманининг Каловот маҳалласида яшаган Б.О. вафот этгани ҳақидаги жаноза хабарини ўқиган. Сўнгра марҳумнинг укаси Ж.Н.нинг телефон рақамини излаб топган.
Шундан сўнг А.С. марҳумнинг укасига қўнғироқ қилган. Ўзаро суҳбатда у марҳум тириклик пайтида қарзга 100 доллар олганини айтиб, ушбу маблағни банк картасига ўтказиб беришни сўраган. Аммо Ж.Н. сўралган пулни ўтказиб бермаган.
Шунингдек, А.С. туманнинг Мир Саид Баҳром маҳалласида яшаган Ж.Ҳ. вафот этгани ҳақидаги жаноза хабарини ўқиб, марҳум тириклигида ишлатган телефон рақамни излаб топган. Сўнгра ушбу рақамга қўнғироқ қилган. Қўнғироққа марҳумнинг онаси жавоб берган. А.С. унга ҳам ўғли тириклик пайтида 100 доллар қарз олганини айтган. Унинг гапига ишонган она 1,2 млн сўмни банк картага ўтказиб берган. А.С. бу маблағни ўз шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборган.
“Пул зарур эди”
А.С. судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган ва пул зарурлиги сабаб бу ишга қўл урганини айтган.
“Б.О.нинг вафот этгани тўғрисидаги хабарни эшитдим. Унинг яқин қариндошларини излаб топиб, гўёки марҳумнинг қарзи борлигини айтган ҳолда улардан пул олиш фикри туғилди. Марҳумнинг укасининг телефон рақамини топдим. Унга марҳумнинг таниши эканимни, савдо билан шуғулланишимни, марҳумнинг 100 доллар қарзи борлигини айтдим. Ушбу маблағ зарур бўлиб қолганини билдириб, беришни сўрадим.
Марҳумнинг укаси қайси дўконда савдо қилишимни сўради ва ўзим билан кўришиб, кейин пулни беришини айтди. Шу вақтда унинг бу саволларига нима деб жавоб беришни билмасдан, телефонни ўчириб қўйдим”, деган у ўз кўрсатмасида.
Шунингдек, судланувчи иккинчи ҳолатда марҳумнинг онасидан шу шаклда пул сўраб, 1,2 млн сўм ундирганини ва ушбу маблағни эҳтиёжига ишлатиб юборганини маълум қилган.
А.С. қилмишига пушаймонлик билдириб, суддан енгиллик сўраган.
Жазо
ЖИБ Кармана туман судининг 2026 йил 7 августдаги ҳукми билан А.С. Жиноят кодексининг 25,168-моддаси (фирибгарликка суиқасд) 1-қисми ва 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2,5 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.















