Дастлаб, Англия ва Хорватия жамоалари илк турнинг марказий беллашувларидан бирида ўзаро майдонга чиқди. Бир неча йил аввал мураббий сифатида ҳеч ким бўлмаган икки мутахассис бугун дунёнинг энг етакчи миллий жамоаларида фаолият олиб боришмоқда. Улар кечаги тактик қарама-қаршилик орқали ўз ўринларида нима сабабдан ўтирганларини яна бир карра исботлаб қўйишди. Хорватия ҳам мағлубиятга лойиқ футбол намойиш этмади. Европа чемпионати мана шу каби ўйинлар билан ҳам қизиқарли.
Австрия - Шимолий Македония ўйини эса ҳар икки жамоанинг қарама-қарши ҳужумлари остида ўтгани билан қизиқарли бўлди. Икки томонда ҳам иштиёқ юқорилиги ва Шимолий Македониянинг дебют шижоати учрашувга ўзгача чирой бахш этди.
Куннинг сўнгги ўйини эса Европа чемпионати мақомига мос тарзда кечди. Ушбу беллашувни атрофлича таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.
Де Бурдан кутилмаган ҳужумкорлик
Турнир фаворитлари орасида Нидерландия қитъа биринчилигига энг тажрибасиз мураббий билан келган миллий жамоа сифатида эътиборни тортганди. Роналд Куман Барселонага кетганидан сўнг, ёрдамчиси бир муддат йиғинларни бошқарди. Тез орада собиқ футболчи, «учар голландлар» афсонаси Франк де Бур мураббийлик постига келди. Футболчи сифатида нақадар ҳурматга сазовор бўлмасин, де Бур мураббийлик бобида ҳеч нарсага эришмаганди. Нидерландия миллий жамоаси статуси билан ҳазиллашиб бўлмайди.
Миллатлар лигасидаги муваффақиятсизликдан сўнг, кўпчилик нидерландлар бош жамоасига янги мутахассис топилиши ҳақида гапира бошлашди. Аммо Европа чемпионатида ҳам Франк «оловранглилар» билан бирга.
Илк ўйиндан шуни англаб етдикки, де Бур жамоасини ҳужумда анча уюшқоқ кучга айлантира олган. Латералларнинг фаол тарзда ҳужумга қўшилиши эса рақибни росмана шошириб қўйди.
Март ойидаги ўйинларда марказий ҳужумчи позициясида ўйнаган Люк де Йонг ўрнини турнир арафасида Вегҳорст эгаллади. Френки де Йонгнинг «Барселона»даги ҳимоявий кўникмалар ва де Рооннинг таянч зонасидаги сифатли ҳаракатларидан унумли фойдаланиш мақсадида, Жоржиньо Вейналдумга ўйинда ижодкор сифатида тўп тепишга имкон берилди. Депай эса ундан бир неча қадам олдинроқда ҳужумга иккинчи темп бағишлаш, узатмалар билан яримҳимоячи ва ҳужумчиларни улаш ишларида бош бўлди.

Тактик схемаларнинг тезкор ўзгариши
Ҳар иккала ёш мураббий ҳам ўйинда тактик жиҳатдан яхши билимга эга эканлигини намойиш этди. Оғир мавсумдан сўнг, яна бир катта мусобақада тер тўкаётган футболчиларда жароҳат ҳолатлари учраши табиий ҳол. Муаммо шундаки, тактик томондан бутун ўйинни қўл остидаги футболчиларига қараб тузиб чиққан мураббийлар футболчи алмаштиришда ўта эҳтиёткор ва ақлли ҳаракат қилишлари талаб этилади. Акс ҳолда, майдонга тушган янги футболчи ўйиндан четга чиқиб қолиши мумкин. Марлос мисолида буни аниқ кўриб олдик.


















