2026 йилги жаҳон чемпионати 1/16 финал босқичи давом этмоқда. 29 июн куни кечқурун ва 30 июн тонгида ўтказилган ўйинларда яна учта жуфтлик тақдири ҳал бўлди: Бразилия сўнгги дақиқаларда урилган гол эвазига Япония тўсиғидан ўтди (2:1), Германия сенсацион равишда Парагвайга ютқазиб қўйди (1:1, пеналтилар сериясида 3:4), Марокаш эса Нидерландия билан ўйиннинг сўнгги дақиқаларида гол уриб, ўйинни пеналтилар сериясига олиб борди ва футбол лотереясида омадлироқ чиқди (1:1, пеналтилар сериясида 2:1).

Майдон ташқарисида ҳам қизиқарли воқеалар бўлмоқда: ФҚБ ўйинлар ўтказиладиган ҳудудларда 400 та дронни мусодара қилди, Саудия Арабистони ва Чехия миллий жамоаларида ҳам истеъфолар рўй берди, Лионел Месси ва Неймар эса хайрия билан шуғулланмоқда.

Японлар драмаси

Бразилия – Япония 2:1
Голлар: Сано, 29 (0:1). Каземиро, 56 (1:1). Мартинелли, 90+5 (2:1)
Бразилия: Алиссон, Габриэл Магаляйнс, Маркинос, Дуглас Сантос, Данило Луис, Каземиро (Фабинио, 90+1), Лукас Пакета (Эндрик, 46), Гимарайнс (Данилу Сантос, 90+7), Винисиус Жуниор, Райан, Куня (Мартинелли, 65)
Япония: Д. Судзуки, Танигути, Х. Ито, Томиясу, Камада (Танака, 78), Сано, Накамура (Сугавара, 66), Доан (Д. Судзуки, 66), Маэда (Огава, 90+7), Д. Ито (Матино, 78), Уэда
Огоҳлантиришлар: Каземиро, 14. Данило Луис, 48 – Сано, 12. Камада, 45. Д. Судзуки, 84

Бразилия жаҳон чемпионати 1/16 финалидаёқ катта қийинчиликка учради. Гуруҳ босқичида Нидерландия ва Швеция билан тенгма-тенг ўйнаб, Тунисни йирик ҳисобда мағлуб этган японлар пентакампеонларга ҳам кураш таклиф этишди.

Биринчи бўлимдан кейин осиёлик фанатлар ғалабага яқин эди – уларнинг севимли жамоаси нафақат бразиллар ҳужумларига дош берди, балки Кайсу Санонинг голи эвазига ҳисобда олдинда ҳам боришди. Аммо хурсандчилик узоққа чўзилмади: иккинчи бўлим бошларида Карло Анчелотти шогирдлари ҳисобни тенглаштиришди – «Арсенал» ҳимоячиси Габриэл Магаляйнс жарима майдони яқинида тўпни ҳаводан дарвозабон ҳудудига оширди, у ерда Каземирони ҳеч ким қўриқламади ва у бош билан дарвозани ишғол этди. 90+5-дақиқада эса «Арсенал» вингери Габриел Мартинелли аниқ зарба билан ғалаба голини урди, унга бу вазиятда шу ёзда «Арсенал»га ўтиши кутилаётган Бруно Гимарайнс ассистентлик қилди.

Бу «селесао»нинг ўйиндаги 19-зарбаси эди (Японияда жами бешта зарба, дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалар бўйича – 7:2). Ва бразиллар якунда ҳақли ғалабага эришди.

Япония эса аламли тарзда навбатдаги турнир билан хайрлашди – бу кунчиқар юрт вакиллари учун нохуш серия давом этиши бўлди – «самурайлар» қаторасига учинчи мундиалда плей-офф ўйинида ҳисобда олдинда борган ҳолда якунда ютқазиб қўймоқда. Бунгача 2018 йилги турнирда Белгия (2:3), 2022 йилги турнирда – Хорватия (1:1, пеналтилар сериясида 1:3) билан ўйинларда шундай ҳолат кузатилганди.