Қозоғистон танаффусга қадар 4 та жавобсиз гол ўтказиб юборди

Греция — Қозоғистон 5:0
Голлар: Бакасетас (9, пеналти), Пелкас (15), Иоаннидис (37), Курбелис (40), Тапалов (87, автогол). 
Греция – Влаходимос, Болдок (Рота, 67), Хацидиякос (Рецос, 46), Мавропанос, Цимикас, Бакасетас (Бухалакис, 74), Манталос, Курбелис, Пелкас (Якумакис, 64), Масурас, Иоаннидис (Константелиас, 64).
Қозоғистон – Шацкий, Каиров (Тапалов, 46), Ерланов, Бистров, Марочкин, Вороговский, Чесноков (Зуев, 68), Бейсебеков (Садибеков, 46), Астанов (Оразов, 46), Зайнутдинов, Самородов (Аймбетов, 77).
Огоҳлантиришлар: Вороговский (17), Хацидиякос (30), Садибеков (54), Оразов (67), Ерланов (68).

Қозоғистон миллий жамоасининг Евро томон шов-шувли юриши аянчли якунланди. «Лочинлар» Миллатлар лигаси туфайли қўшимча имкониятга эга бўлишганди, аммо бу йўлда Греция тўсиғидан ўта олмади. Қозоғистонликлар «эллинлар»га ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмасдан, йирик ҳисобда ютқазишди.

Магомед Адиев муҳим ўйин арафасида миллий жамоанинг асосий футболчиларидан бири — ҳимоячи Нурали Алипни йўқотганди. «Зенит» футболчисининг сариқ карточкалари кўпайиб кетганди, натижада мураббий Эрланов — Марочкин — Бистров учлигидан иборат схема танлади.

Густаво Пойетда эса таркиб борасида жиддий муаммолар йўқ эди — асосий таркибдаги чап қанот ҳимоячиси Яннулис йўқлигида унинг ўрнини «Ливерпул» вакили Цимикас эгаллади, Нидерландиянинг АЗ клубида тўп сураётган тўпурар ҳужумчи Павлидис захирада қолдирилди, унинг ўрнини «Панатинаикос» вакили Иоаннидис эгаллади.

Грекларнинг энг сермаҳсул ҳужумчиси захирада қолгани осиёликларни қутқара олмади. 7-дақиқадаёқ Каиров жарима майдони ичида Димитриосга қарши қўполлик ишлатди, пеналтини эса Бакасетас ишончли тарзда ижро этди. Аммо бу ҳали муаммоларнинг бошланиши эди — 15-дақиқада мезбонлар қозоқлар мудофаасини пароканда қилди ва Пелкас қанотдан узатилган тўпни бош билан дарвоза тўрига михлади.

Лекин греклар икки голдан кейин ҳам хотиржамликка берилмади, Қозоғистон эса, аксинча, нурсиз ўйин кўрсатишда давом этди — аҳён-аҳёнда уюштирилган ҳужумлар хавфли тус олмади. Мезбонлар эса ортиқча куч сарфламасдан ҳисобни йирик кўринишга келтирди. 37-дақиқада Иоаннидис Масураснинг узатмасидан учинчи голни урди; 40-дақиқада бурчак тўпидан кейин Курбелис ўз номини таблога ёздириб қўйди.

Адиев танаффусда керакли сўзларни топа олганди, чунки танаффусдан кейин Қозоғистон бутунлай бошқача ўйнай бошлади. Шунчаликки, 20 дақиқа давомида тўпга эгалик қилинди, бу оралиқда зарбалар бўйича ҳисоб қозоқлар фойдасига 8:2 кўринишини олди — меҳмонлар таслим бўлишмаганди.