Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши «Электр энергетика тармоғини трансформация қилиш ва электр энергиясини барқарор узатиш» лойиҳасини маъқуллади. Лойиҳа бутун мамлакат бўйлаб миллионлаб уй хўжаликлари ва корхоналарни узлуксиз электр таъминоти билан таъминлаш мақсадида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ фаолияти самарадорлигини оширади.

Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банки гуруҳи таркибига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси 380 миллион доллар, Яшил иқлим фонди (ЯИФ) 43 миллион доллар кредит ажратади. Молиялаштириш Ўзбекистон ҳукуматига жуда паст фоиз ставкаларида тақдим этилади ва тўловнинг энг узоқ муддати 40 йилгача бўлади. Шунингдек, ЯИФ лойиҳа доирасидаги алоҳида тадбирлар учун 4 миллион доллар миқдорида грант ажратади.

Ўзбекистонда электр энергиясига бўлган талаб 2018 йилдаги 61 миллиард киловатт-соатдан 2030 йилга келиб 100 миллиард киловатт-соатдан ортиққача ўсиши кутилмоқда. Ҳозирда мамлакатда 250 000 км.дан ортиқ электр узатиш линиялари ва тарқатиш тармоқлари мавжуд. Уларнинг аксарияти совет иттифоқи даврида қурилган ва эксплуатация муддати анча вақт олдин тугаган.

Эскирган инфратузилма электр энергиясининг катта ҳажмда йўқотилишига олиб келади, бу ишлаб чиқарилган электр энергияси умумий ҳажми тахминан 20 фоизини ташкил этади. 

«Ушбу трансформацион характерга эга бўлган янги лойиҳа ҳукуматга электр энергетика тармоғининг самарали ишлаши ва ривожланишига тўсқинлик қилаётган муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беради. Лойиҳа «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖни замонавий тижорат компаниясига айлантириш ва электр энергиясини узатиш тизимларини модернизация қилишни жадаллаштиради. Ушбу чора-тадбирлар электр энергиясининг 32 миллионга яқин истеъмолчига ишончли етказиб берилишини таъминлайди ва қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш бўйича янги йирик лойиҳаларни электр тармоқларига улаш имконини беради», деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг устувор инвестицияларини молиялаштириш орқали лойиҳа эскирган энергетика инфратузилмаларини модернизация қилишга ёрдам беради. Лойиҳа Ўзбекистоннинг 11та ҳудудида 22та эскирган юқори кучланишли подстанцияларни реконструкция, модернизация қилиш ва кенгайтириш, шунингдек 500 киловольтлик янги подстанцияни ва электр узатиш линияларини қуришни ўз ичига олади.

Электр энергиясини узатиш тизими мониторинги, бошқаруви ва эксплуатация қилиниши жараёнларини такомиллаштириш мақсадида, лойиҳа доирасида замонавий рақамли ва телекоммуникация технологиялари ва ечимлари жорий этилади. Уларга диспетчерлик назорати ва маълумотларни йиғиш учун янги дастурий-аппарат мажмуаси, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ марказий ва ҳудудий диспетчерлик марказлари учун электр энергиясини бошқариш тизимини яратиш киради.