Сўнгги кунларда ўзбекистонликлар жазирама тафти яна анча кучайганини ўз таналарида ҳис этишмоқда. Бу эса азалий саволлардан бирини яна бир марта кун тартибига чиқармоқда: ишчи-хизматчиларнинг жазирамада фаолият юритиши қанчалик тўғри?

Аномал об-ҳаво рекордлари

«Ўзгидромет» сўнгги кунларда Ўзбекистон бўйлаб кузатилаётган об-ҳаво ўртача меъёрлардан 2-4 даражага юқори экани, бироқ бу Ўрта Осиё иқлими учун, айниқса, сўнгги йилларда бу аномал ҳодиса эмаслигини билдирган.

Бироқ кўплаб ўзбекистонликлар расмий об-ҳаво маълумотларига шубҳа билан қарашади. Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида расман эълон қилинадиган ҳаво ҳарорати кўрсаткичлари ҳақиқийсидан бир неча даража камайтириб кўрсатилишига ишонувчилар талайгина.

Ҳар йили ижтимоий тармоқларда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида қайд этилган ҳаво ҳарорати акс этган термометр кўрсаткичларининг суратлари тарқалади. Улар орасида расмий об-ҳаво маълумотидан анча юқори ҳарорат қайд этилган суратлар ҳам бор. Бироқ ушбу кўрсаткичлар шу пайтгача расман тан олинмаган.

Интернетда ўзбекистонликлар тухумни қумга кўмиб ёки товада газсиз, офтоб тиғида пиширишгани акс этган видеолар ҳам учрайди.

«Ўзгидромет»нинг Kun.uz’га маълум қилишича, июнь ойидаги энг иссиқ кун 1914 йил 21 июнда Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида қайд этилган бўлиб, ҳаво ҳарорати 49,6 даражага тенг бўлган. Жазирама бўйича мутлақ рекорд Бухоро вилоятининг Оёқоғитма метеорологик станциясида 1983 йил 29 июлда қайд этилган, ўшанда ҳарорат +49.8 даражани ташкил этган.

Июнь ойи бошида Ўзбекистон ҳудудларига Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво массалари кириб келиши ҳисобига Тошкент шаҳрида кузатилган максимал ҳаво ҳарорати деярли ўтган аср бошлари ва XIX аср охирларида ушбу кунларда қайд этилган рекордларни янгилади. Мониторинглар тарихида пойтахтда қайд этилган энг юқори ҳаво ҳарорати +44,6 даражага етган бўлиб, бу кўрсаткич 1997 йил 18 июлда кузатилган.

3 июнь куни +38,2 даража иссиқ бўлди. Бунгача ушбу санадаги энг иссиқ кун 1895 йили (+37,8) кузатилганди. 4 июнь куни +39,2 (1900 йил, +38,3 даража), 5 июнь куни +41,6 даража (2008 йили, +38,6 даража), 6 июнь куни +42,6 даража (1911 йили, +38,5 даража), 7 июнь куни эса +40,8 даража (1894 йили, +39,7 даража) ҳарорат қайд этилди. Ўзбекистонда 31 майдаги ҳарорат ҳам мутлақ максимумга етганди.