«Ўзгидромет» 3–7 июнь кунлари Ўзбекистонга Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво массалари кириб келиши, ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиб кетиши ва ўртача суткалик ҳаво ҳароратининг шу кунлар учун хос бўлгани иқлимий меъёр қийматларидан 7-10 даража юқорилаши тўғрисида маълум қилганди.
Қайд этилишича, шу кунлари кузатилган ҳарорат уч аср аввалги рекорддан юқори бўлди.
«Тошкент шаҳрида 2021 йил 3-7 июнь кунлари шу кун учун рекорд иссиқ ҳаво ҳароратлари қайд этилди. Тошкент шаҳрида 3-7 июнь кунлари кузатилган максимал ҳаво ҳарорати деярли ўтган аср бошлари ва 19 аср охирларида ушбу кунларда қайд этилган максимумларни янгилади. Тошкент шаҳрида кузатувлар тарихида қайд этилган энг юқори ҳаво ҳарорати +44,6 даражага етган бўлиб, бу кўрсаткич 1997 йил 18 июлда кузатилган», дейилади «Ўзгидромет» хабарида.
2021 йил 6 июнь куни ҳарорат 42,6 даража иссиқ бўлди. Бунга қадар шу кундаги юқори ҳарорат 1811 йилда қайд этилган ва 38,5 даража иссиқ бўлган. 7 июнь куни эса ҳарорат 40,8 даражагача кўтарилди. Унга қадар шу кундаги максимал кўрсаткич 1894 йилда кузатилган ва 39,7 даража иссиқ бўлган. Ўзбекистонда 31 майдаги ҳарорат ҳам мутлақ максимумга етганди.



