«Ёшликдан ҳар бир инсоннинг ўзига ёққан қизиқарли машғулоти бўлади. Менда шундай ҳоббим бўлган, ёшликдан электроника, робототехника ва космонавтикага қизиқардим. У вақтларда аниқ бир мақсад учун эмас, шунчаки ҳобби деб қарардим. Улғайганим сари бу қизиқишни мақсадга айлантирдим, яъни космосни забт этишни мақсад қилдим», дейди ёш ихтирочи.

Космосга стратостат учириш лойиҳамга нореал деб қарашди

«Космосга стратостат учириш учун IT-дастурчиларга ва робототехникага қизиқувчи одамларга ҳамкорлик ҳақида гап очсам, кўпчилиги устимдан кулиб, нореал нарса сифатида қарашди. Шундан кейин лойиҳани ўзим бошлашга қарор қилдим, уни «NazarX» деб номладим.

Тажрибалар камдан кам ҳолда биринчи уринишдаёқ ижобий амалга ошади. Эдисон чўғланма лампани яратгунча минглаб самарасиз уринишлар қилган. Менда ҳам шундай бўлди. Муваффақиятли парвозгача жуда кўп муваффақиятсизликка учрадим, ўхшамаган парвозларим учун ҳам 2-3 минг долларгача пул сарф қилдим.

Бу аппаратни яратиш жараёнида жуда кўп нарса ўқишга, кўплаб соҳаларга мурожаат қилишга тўғри келди. Албатта, физика қонунлари ҳақида билимга эга бўлмасдан буни қилолмасдим. Бундан ташқари, математика, геометрия, кимёдан дарслар олдим. Стратостатни учириш учун гелий гази керак бўлади, бу МДҲда фақат Россияда бор экан. Мўлжалим бўйича 2 миллион сўмлик гелий билан стратостатни стратосферага олиб чиқаман, деб ўйлагандим. Бироқ чучварани хом санаган эканим, аслида жуда кўп гелий кетаркан».

Кетма-кет муваффақиятсиз парвозлар ва атрофдагиларнинг ишончсизлиги мотивация берди

«Биринчи парвоз учун 20 миллион сўмлик гелий ишлатдим, шунингдек, тасвирга оладиган камера ва бошқа жиҳозлар ҳам арзон эмасди. Умумий ҳисобда 2,5 минг доллар харажат бўлди ва аэростатни ҳавога учириб, бир оздан кейин сигнал келишини кута бошладим. Бир соат ўтди ҳамки, ҳеч қандай белги йўқ. Бу, албатта, ёмон таъсир қилади, чунки бир йил меҳнат ва сарфланган маблағ бир зумда йўқолди. Иккинчи муваффақиятсизликдан кейин, ҳатто, бир ҳафта қўлим ишга бормади.

Лекин ўзимда бу албатта амалга ошади, деган аниқ ишонч бор эди. Бундан ташқари, юқорида айтганимдек, атрофимдагиларнинг сен буни қилолмайсан, деган таъналари сабаб ҳам буни амалга оширишим керак, дея қайта-қайта уринавердим. Одамларнинг ишончсизлигидан ўзимга ишонч топдим.