Европа чемпионатининг яримфинали қандай воқеалар билан ёдда қолди?

Ҳал қилувчи ўйинга Лондон мезбонлик қилади.

6 июль кун оқшомида «Уэмбли»да кечган биринчи яримфинал баҳсида Италия пенальтилар сериясида Моратанинг ҳал қилувчи зарбада хатога йўл қўйиши оқибатида Испанияни уйига равона қилди.

Англия эса 7 июль кунги иккинчи яримфиналда қўшимча бўлимларда Стерлинг ишлаган баҳсли пенальти туфайли Дания тўсиғидан ўтди.

Италиянинг тўртинчи финали

Евро-2020. 1/2 финал
Италия — Испания — 1:1 қ.б. (0:0, 1:1, 0:0). Пенальти — 4:2
Голлар: Кьеза, 60 (1:0). Мората, 80 (1:1).
Пенальтилар серияси: Локателли — 0:0 (дарвозабон). Ольмо — 0:0 (хато). Белотти — 1:0. Морено — 1:1. Бонуччи — 2:1. Тиагу Алькантара — 2:2. Бернардески — 3:2. Мората — 3:2 (дарвозабон). Жоржиньо — 4:2.
Италия: Доннарумма, Ди Лоренцо, Кьеллини, Бонуччи, Эмерсон (Толой, 74), Верратти (Пессина, 74), Жоржиньо, Барелла (Локателли, 85), Кьеза (Бернардески, 107), Иммобиле (Берарди, 61), Инсинье (Белотти, 85).
Испания: Симон, Аспиликуэта (М.Льоренте, 85), Ляпорт, Гарсия (Пау Торрес, 109), Жорди Альба, Торрес (Мората, 62), Педри, Коке (Эрнандес, 70), Бускетс (Тиагу Алькантара, 106), Ольмо, Ойярсабаль (Морено, 70).
Огоҳлантиришлар: Бускетс, 51. Толой, 98. Бонуччи, 118.
Ҳакамлар: Бриҳ. Борш, Лупп (барчаси — Германия).
ВАР: Фриц. Дингерт, Гиттелманн, Данкерт (барчаси — Германия).
6 июль. Лондон. «Уэмбли» стадиони. 57811 томошабин.

Италия ва Испания ўртасидаги учрашув аввалдан турнирнинг энг томошабоп, мазмунли ва динамик ўйини бўлиши кутилаётганди, амалда ҳам шундай бўлиб чиқди — бу ҳозирча турнирнинг сифатли футбол жиҳатдан энг яхши учрашувига айланди. Икки жамоа ўйин услубида ўзаро ўхшаш жиҳатлар бор эди. Икки жамоа ҳам тўпга эгалик қилишни истайди, икки жамоа ҳам юқори прессинг ва контрпрессинг қўллайди, ҳатто бир хил схемадан фойдаланади - 4-3-3.