Мухлисларга кутилган шиддатни тақдим эта олган Евро-2020да фақат ғолиб номини аниқлаш қолди. Яъни, бизни десерт кутмоқда. Италия ўз тарихида иккичи марта, Англия эса биринчи марта Европа чемпионатини ютиши мумкин. Қуйида Евролар тарихидаги қизиқарли финалларни ёдга оламиз. Албатта, бу бизнинг талқин, ким учундир бошқа финал қизиқарлироқ ва ҳаяжонлироқ ўтган бўлиши мумкин.

Евро-1992. Дания – Германия 2:0

Швецияда ўтган 1992 йилги Европа чемпионати футбол қоидалар ва тахминларга бўйсунмаслигини яна бир бор исботлаган. Аслида, гуруҳдаги натижаларга кўра, Югославиядан ортда қолган данияликлар мусобақага бормаслиги керак эди. УЕФА Югославияни мамлакатдаги сиёсий беқарорлик сабаб турнирдан четлатгач, Дания финал босқичига чиқади ва ҳатто ғалаба қозонади.

Яримфиналда уларга Нидерландия рақиблик қилади. Данияликларнинг темир асаблари уларга катта ғалабани тақдим этади. 90 дақиқа деярли тенг кураш бўлганига қарамай, «учар голландлар» қўшимча бўлимларда кучли штурм уюштириб, рақибни ўз яриммайдонига «қамаб қўяди». Омад ва дарвозабон маҳорати ўйинни пенальтиларгача олиб боради. Лотереяда эса Шмейхелнинг маҳорати ҳамда ван Бастеннинг машҳур хатоси данияликларни финалга олиб чиқади.

Германия мусобақа мезбони Швецияни енгиб, иккинчи финалчи бўлганди. Финалда Дания билан ўйнайдиган Германия мухлислари ўйин бошланмай байрамни бошлаб юборишганди. Бироқ Дания ҳам финал режасини тузган эди. Ҳа, бу даврдаги Дания – Лаудруп, Шмейхел ва Ларсен каби номлар билан анча юлдузли кўриниш олганди, бироқ немислар ҳар қанақасига фаворит эди.

Финалда Енсен ва Вилфорт томонидан урилган голлар Данияни тарихий чемпионга айлантирди. Дунё сиёсий можаролар ўчоғига айланиб турган пайтда, Европа биринчилигининг бу қадар қувноқ ўтиши барчани хурсанд қилгани аниқ. Албатта, кўҳна қитъа грандларидан ташқари.

Евро-1976. Чехословакия – Ғарбий Германия 2:2 (пенальтилар сериясида 5:3)

Ньютон қонуни, Нобель мукофоти каби иборалар инсон номи билан боғлиқлиги унутилиб кетган даражада машҳур. Футболда ҳам шундай ибора бор – Паненка зарбаси. Бугун бундай зарба берганлар даҳога чиқарилади, бироқ биринчи бўлиб ким бундай зарба йўллаганини доим ҳам эслайверишмайди. Бу зарба айнан биз эслаётган финалда кашф этилганди.

Белграддаги финални Чехословакия тезкор иккита гол билан бошлайди ва немислар уларга биринчи таймдаёқ бир маротаба жавоб қайтаришни уддалашади. Яхшиямки, Хёльценбайн 89-дақиқада ҳисобни тенглаштирувчи голга муаллифлик қилган экан, акс ҳолда ўша машҳур пенальти тепилмай қоларди. Экстра таймлар 90 дақиқа ичида бир-биридан анча ҳайиқиб қолган ва курашавериб тинкаси қуриган жамоаларнинг нисбатан нурсиз ҳужумлари остида кечади.