Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сака ҳет-трик қилди, Мбаппе Мессини қувиб ўтди
ЖЧ учинчи ўрини учун ўйинда 10 та гол урилди.
Бронза учун ўйин ҳақиқий шоуга айланди
Франция – Англия 4:6
Голлар: Райс, 3 (0:1). Конса, 18 (0:2). Сака, 37 (0:3). Сака, 45+1 (0:4). Мбаппе, 48 (1:4). Барколя, 54 (2:4). Мбаппе, 66 (3:4). Сака, 87 - пеналти (3:5). Дембеле, 90+6 (4:5). Беллингҳэм, 90+8 (4:6)
Франция: Менян, Конате (Дин, 46), Лакруа, Эрнандез (Упамекано, 46), Гюсто (Кунде, 90), Рабио, Заир-Эмери, Шерки (Дембеле, 46), Дуэ (Барколя, 46), Олисе, Мбаппе
Англия: Ҳендерсон, Конса, Гейи (Чалоба, 90), Куанса (Жеймс, 83), Спенс, Райс, Роджерс, Эзе (Андерсон, 79), Сака, Рэшфорд (Уоткинс, 46), Тони (Беллингҳэм, 79)
«Англия ўйнашни хоҳламайди, биз ҳам. Аммо ўтказиш керак бўлган бутун бир ўйин бор», – деганди яримфиналдаги мағлубиятдан кейин Франция миллий жамоаси устози Диде Дешам.
«Бизнинг футболчиларимиздан ҳеч бири, шунингдек, французлардан ҳеч бири бу ўйинда ўйнашни хоҳламайди. Ҳамма жаҳон чемпионатида ғалаба қозониш учун ўйнайди, аммо вазият шундай бўлиб қолди», – дея Дешамнинг фикрини такрорлаганди Томас Тухел Аргентина билан ўйиндан кейин.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда жаҳон чемпионатларида учинчи ўрин учун ўйинларни бекор қилиш лозимлиги ҳақида чақириқлар янгради.
Икки мураббий ҳам ўйинга ўртоқлик учрашувидек ёндашишди ва майдонга деярли иккинчи таркибларини туширишди. Бу эса футбол мухлислари учун айни муддао бўлди – жиддий масъулият йўқ бўлган ўйинда жамоалар том маънода ечилиб кетишди ва мухлислар учун ҳақиқий шоу уюштириб беришди.
Ўйиннинг учинчи дақиқасидаёқ Дуэ ўз дарвозасига яқин ҳудудда хато қилди, тўпни ундан олиб қўйган «Арсенал» яримҳимоячиси Деклан Райс жарима майдонига кириб борди ва ҳисобни очди.
18-дақиқада эса Райс бурчакдан оширган тўпни «Астон Вилла» ҳимоячиси Эзри Конса дарвозага тўғрилаб юборди ва ҳисобдаги фарқни оширди.
Кулинг брекдан кейин карнавал давом этди. «Арсенал»нинг бошқа бир футболчиси Букайо Сака катта саҳнага чиқди ва бўлим охиригача дублни расмийлаштириб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди – 4:0.
Французлар иккинчи бўлимга келиб уйғонишди. Мбаппе бўлим бошида дастлабки жавоб голини урди, кейин эса Барколянинг голига ассистентлик қилди.
Шундан кейин ҳам французлар кетма-кет ҳужумлар уюштиришди ва фақат Ҳендерсоннинг сейвлари ҳисобдаги фарқни сақлаб турди. Аммо Килиан ўз мақсадига эришиб, ўйиндаги иккинчи голини ҳам урди. Бу унинг жорий чемпионатдаги 10-, барча жаҳон чемпионатларидаги 22-голи бўлди ва икки ҳолатда ҳам у Лионел Мессини ортда қолдирди (аргентиналик ҳужумчида ҳозирги турнирда 8, жами 21 гол бор).
Ўйин охирида французлар ҳисобни тенглаштириши мумкин эди, аммо Олисенинг жарима майдони марказидан йўллаган зарбасидан кейин тўп дарвоза соҳасига тўғри бормади. Жавоб ҳужумида эса инглизлар пеналти ишлади: Гюсто Спенсини йиқитди, белгиланган жарима зарбасини Сака аниқ ижро этиб, ҳисобдаги фарқни яна оширди – 5:3.
Бу ҳали ҳаммаси эмасди, қўшимча дақиқаларда Дембеле яна ҳисобни қисқартирди, Беллингҳэм эса инглизларнинг олтинчи голини урди – 6:4.
Бу икки жамоа ҳам ҳимояни унутиб, фақат ҳужум ҳақида ўйлаган фантастик баҳс бўлди. Ўйиндан кейин жамоаси 6 та гол ўтказган Дешам (бу унинг миллий жамоа бошқарувидаги сўнгги ўйини эди) ҳеч нарсадан ранжиган кўринмасди ва Тухелга кулимсираб қўл ташлади. Германиялик мутахассис эса мухлислар олдидаги айбини ювди – Англия жаҳон чемпионатларида сўнгги 60 йилликдаги илк медалини қўлга киритди.
Мавзуга оид
12:30 / 15.07.2026
ЖЧ кундалиги. Франция учун янги мураббий ва футболчилардан норози президент
21:58 / 14.07.2026
Эҳтимолий рекордлар, сериялар ва реваншлар. ЖЧ яримфиналлари олдидан 11 интрига
16:35 / 14.07.2026
ЖЧ анонси. Испания ҳимояси Франция ҳужумини тўхтата оладими?
16:18 / 13.07.2026