Ижтимоий тармоқларда Нукус шаҳридаги 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчада истиқомат қилаётган бир гуруҳ ҳарбий пенсионерлар бир нечта масала бўйича мурожаати акс этган видеотасвирлар тарқалди.
Унда бир гуруҳ ҳарбий пенсионерлар Мудофаа вазирлиги балансида турган ёпиқ ҳарбий шаҳарчани Нукус шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказиш бўйича мурожаат қилган. Шунингдек, Қуролли Кучлардан захирага бўшатилган собиқ ҳарбий хизматчилар бўлган фуқароларни рўйхатга олиш айни вақтда ушбу ёпиқ ҳарбий шаҳарчанинг турар-жойларида эмас, балки ҳарбий шаҳарча ҳудудидан ташқарида, ички ишлар органлари томонидан шаҳардаги бошқа манзилларга ҳисобга олингани таъкидланган.
Юқоридаги ҳолат юзасидан Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати расмий изоҳ берди (https://shgho.uz/uz/9215.html). Таъкидланишича, айнан бу ҳолатлар бўйича 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчада яшовчи ҳарбий пенсионерлар томонидан мурожаатлар келиб тушмаган. Муаммолар юзасидан 5 июль куни 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчада яшайдиган аҳолининг муаммоли масалаларини ҳал этиш мақсадида давлат органларининг мансабдор шахслари иштирокида йиғилиш ўтказилган.
Ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов раислик қилган йиғилишда Президентнинг Қорақалпоғистон Республикаси Халқ қабулхонаси мутахассиси Ш.Ибрагимов, Давлат кадастрлар палатаси бошқармасининг Нукус шаҳар филиали бошлиғи А.Худайбергенов, Нукус шаҳар ИИБ ходими ва бошқа масъуллар қатнашган.
Кун тартибига киритилган биринчи масала, яъни ёпиқ ҳарбий шаҳарчада яшовчи ҳарбий пенсионерларнинг ўзлари яшаётган ва Мудофаа вазирлиги балансида турган турар-жой манзилига электрон ҳисобга қўйиш ҳамда турар-жой кадастри билан боғлиқ муаммоли масала атрофлича ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш жараёнида 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчада яшовчи ҳарбий пенсионерлар томонидан фарзандларини мактабга жойлаштириш мақсадида янги тизим бўйича Халқ таълими вазирлигига электрон талабнома юборилганида, электрон тизимда улар яшаётган манзиллари ўрнига ҳарбий шаҳарчадан ташқаридаги бошқа бир номаълум манзилларда рўйхатга қўйилганлиги аниқланган.
Бу ҳолатга Нукус шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи майор Б.Алланазаров аниқлик киритган.
Унинг сўзларига кўра, Кадастр бўлими томонидан электрон тизимга 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчадаги турар жойларининг кадастр рақамлари киритилмаган. Б.Алланазаров шу муаммолар сабаб, фуқароларни рўйхатга қўйиш бўйича электрон тизим базаси яратилганида 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарча аҳолисининг рўйхатга олиш манзиллари бўйича бошқа манзиллардаги кадастр рақамларини киритишга мажбур бўлганлигини билдирди. Бунга фуқароларнинг статистик ҳисобини юритиш зарурлиги сабаб қилиб кўрсатилган.
















