Ўзбекистон президентининг қарорига мувофиқ, Нукус шаҳридаги «РК-1» қозонхонаси когенерация технологиялари асосида модернизация қилинади. Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилиб, шаҳарнинг марказлашган иссиқлик таъминоти тизимини янгилашни назарда тутади.
Лойиҳа доирасида когенерация қурилмаси орқали бир вақтнинг ўзида электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Натижада энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, табиий газ сарфини қисқартириш, атмосферага чиқариладиган зарарли чиқиндиларни камайтириш ҳамда иссиқлик таъминоти тизимининг ишончлилигини ошириш кўзда тутилган.
Қарорга кўра, лойиҳа доирасида 28 километр иссиқлик тармоқлари қурилади, 189 та индивидуал иссиқлик пунктлари ўрнатилади. Шунингдек, когенерация қурилмасида 21,5 МВт электр энергияси ва 52,5 Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бу орқали 10 320 нафар аҳоли электр энергияси, 22 880 нафар аҳоли эса марказлашган иссиқлик таъминоти билан қамраб олинади.
Ҳужжат билан лойиҳани амалга оширишнинг устувор вазифалари, масъул ташкилотлар, давлат-хусусий шериклик шартлари ҳамда босқичма-босқич амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгиланди. Лойиҳанинг якуний мақсади Нукус шаҳрида замонавий, тежамкор ва барқарор иссиқлик таъминоти тизимини шакллантиришдан иборат.











