Жамият | 17:46 / 18.07.2021
7613
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида ер олди-сотдиси билан боғлиқ жиноятлар фош этилди

Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган 7 гектар ер майдонини 23,5 минг доллар эвазига тендер савдоларига қўйиш орқали сотиб олиб беришни ваъда қилган шахс қўлга олинди. Шунингдек, Сурхондарё вилоятида 2 гектар ерни 100 млн сўмга сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди.

Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида ер сотиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

«Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Зангиота туман бўлими томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаролар Р.Қ. ва Б.Р.лар фуқаро И.нинг ишончига кириб, унга ваколатли танишлари орқали Қибрай тумани ҳудудида жойлашган 7 гектар ер майдонини тендер савдоларига қўйиш орқали сотиб олиб беришни ваъда қилиб, эвазига 23 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликлари аниқланган.

Департамент ҳамда ДХХнинг Ангор тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса, «П» фермер хўжалиги раҳбари Ҳ.Ҳ. фуқаро А.га Бандихон туманидаги давлат захирасида бўлган 2 гектар ер майдонини ўзиники эканлигини айтиб, ушбу ер майдонини фирибгарлик йўли билан сотишни режалаштириб, олдиндан келишилган 100 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган», дейилади хабарда.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.