«12 июлдан кейин коронавирус билан касалланиш кўрсаткичида яна кўтарилишни кузатяпмиз. Ҳар куни бир неча юзлаб, минглаб одамлар шифохоналарга тушяпти. Афсуски, шифохонада даволанаётганлар орасида ҳаётдан кўз юмаётганлар ҳам бўляпти. Шу соҳа вакили бўлганимиз учун, қолаверса, одамларнинг бизга бўлаётган мурожаатлари кўламидан келиб чиқиб, эпидемиологик вазият қанчалик чигаллашиб бораётганини кўриб турибмиз.

Пандемияга қарши курашишнинг дунё ҳамжамияти ҳозир эътироф этаётган ягона усули – бу эмлаш. Қачонки, аҳолининг 60-70 фоизида жамоавий иммунитет шаклланмас экан, эпидемиологик вазиятни ижобий томонга ўзгартира олмаймиз. Ягона имкониятимиз – вакцинациялаш. Минг афсуски, Ўзбекистон Республикасида коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари 1 апрелдан бошлаб амалга оширилаётган бўлса ҳам, ҳанузгача имкониятлардан тўлиқ фойдалана олмаяпмиз. Эмланиши лозим бўлган аксарият аҳоли вакилларида иккиланиш, вакцина қабул қилишдан қандайдир чўчиш, имкон қадар вакцина олишни чўзиш ёки ниманидир кутишлар кузатилмоқда.

Ўзбекистон Республикасида коронавирусга қарши эмланадиган аҳоли вакиллари кимлар эди? Биз дастлаб 65 ёшдан юқори бўлганларни, у ёки бу сурункали касаллиги мавжуд бўлган аҳоли қатламини, тиббиёт ходимларини, ўқитувчиларни, мактабгача таълим муассасалари ходимларини, ундан кейин олий ва ўрта махсус таълим тизими ходимларини, кейин эса 18 ёшдан юқори бўлган аҳоли қатламини эмланиши керак бўлган фуқаролар рўйхатига киритдик.

Эндиликда 1 сентябрдан бошлаб аҳолининг 18 ёшдан юқори бўлган қисмини уч босқичда ёппасига оммавий эмлаш тадбирларини амалга оширмоқчимиз. Биринчи босқич сентябрь ойида, иккинчи босқич октябрь ойида ва учинчиси босқич ноябрь ойига тўғри келади»

Ўзбекистонда коронавирусга қарши тўлиқ эмланганлар сони 1 млн кишидан ошди

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мулозимининг таъкидлашича, 18 ёшдан катта бўлган аҳоли қатламини уч босқичда оммавий эмланиш учун барча имкониятлар етарли.

«Эмлаш тадбирларига тайёргарлик ишларини январь-февраль ойларида бошлаганмиз. Ушбу жараёнда уч минг икки юзга яқин эмлаш пунктлари, саккиз юз олтмишдан кўпроқ эмлаш бригадалари ташкил этилди. Уларда фаолият кўрсатиши учун беш минг нафардан кўпроқ шифокорлар, ўн бир минг нафардан кўпроқ ўрта тиббиёт ходимлари тайёргарликдан ўтказилди. Эмлаш пунктлари учун термосумкалар, термоиндикатор ва генераторлар захираси яратилиб, шай ҳолатга келтирилган.