18:38 / 21.07.2021
1183

Жўқорғи Кенгеси Раиси бельгиялик экспертларни қабул қилди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Мурат Камолов 19 июль куни “Diplomatic World” журнали ижрочи директори Барбара Дитрих ва “Diplomatic World Institute” маркази менежери Альберто Туркстрани қабул қилди. Бу ҳақда Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Учрашувда меҳмонлар кўп йиллар давомида Орол денгизи қуришининг салбий оқибатлари билан курашиб келаётган республикада бугунги кунда амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолаган.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Белгиядаги элчихонаси раҳбарияти билан эришилган келишув бўйича 2021 йил сентябрда Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган журналнинг махсус сони нашр қилинишини ҳам айтиб ўтган.

Таъкидланишича, журналда Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ табиий офатнинг оқибатларини бартараф этиш, минтақани экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш, туризмни ривожлантириш, республикага хорижий инвестицияларни жалб қилиш, энергетика жабҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида материал тайёрлашни режалаштирган.

Бельгиялик меҳмонлар Қорақалпоғистонга ташрифи давомида И. В. Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейига саёҳат қилган ва Мўйноқ тумани билан танишган.

Маълумот учун, “Diplomatic World” журнали сиёсат, дипломатия, бизнес, молия, санъат ва маданият соҳаларини кенг ёритиб келмоқда. Журнал Европанинг парламент аъзолари, Европа Иттифоқи раҳбарлари, ишбилармон доиралар, дипломатик корпус ва Брюсселда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотларга тарқатилади.

Top