Жаҳон | 09:31 / 22.07.2021
3836
2 дақиқада ўқилади

Гвинея Олимпиадада иштирок этмасликка қарор қилди

Фото: ТАСС

Гвинея коронавирус сабабли ўз спортчиларини Токио Олимпиадасига юбормасликка қарор қилди. Бу ҳақда спорт вазири Санусси Соу маълум қилди. Бироқ AFP манбасининг хабар беришича, аслида бундай қарор қабул қилинишига Гвинеядаги молиявий муаммолар сабаб ҳисобланади.

“Коронавирус турлари фаол тарқалаётгани сабабли ҳукумат ўз спортчилари саломатлиги ҳақида қайғуриб, катта афсус билан уларнинг Токиодаги иштирокини бекор қилишга қарор қилди”, деб маълум қилинган спорт вазирининг Гвинея Олимпия қўмитасига йўллаган мактубида.

Гвинеядан Олимпиадада эркин кураш, дзюдо, сузиш ва енгил атлетика бўйича 5 спортчи иштирок этиши керак эди.

Бунгача Гвинея 11 марта Олимпиадада иштирок этган. Гвинеялик спортчилар Олимпиадалардаги иштирокларини 1968 йилги Олимпия ўйинларидан бошлашган, бироқ ҳанузгача бирорта медални қўлга киритишмаган. 

Токио Олимпиадаси 23 июлда очилади. 21 июлда илк мусоқабаларга старт берилди. Ҳозирда Токиога келган спортчилар, делегациялар ва Олимпиадага алоқаси бор бошқа шахслардан 80дан кўпида коронавирус аниқланди.

Аввалроқ Шимолий Корея коронавирус сабабли Олимпиадада иштирок этишдан воз кечганди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид