Ярим соатдаги ҳет-трик

D гуруҳи
Бразилия — Германия — 4:2
Голлар: 1:0 – 7 Ришарлисон, 2:0 – 22 Ришарлисон, 3:0 – 30 Ришарлисон, 3:1 – 57 Амири, 3:2 – 84 Ахе, 4:2 – 90 Паулиньо.
Бразилия U-23 – Сантос, Диего Карлос, Арана, Нино, Дани Алвес, Дуглас Луис, Бруно Гимараэс, Антони (Паулиньо, 74), Матеус Кунья, Ришарлисон (Рейньер, 74), Клаудиньо (Малком, 65).
Германия U-23 – Мюллер, Хенрихс, Удуохай, Раум, Пипер (Торунарига, 46), Штах (Шлоттербек, 81), Арнольд, Амири (Тойхерт, 74), Майер, Рихтер (Левен, 68), Крузе (Ахе, 68).
Огоҳлантиришлар: Пипер (26), Арнольд (35), Штах (59), Дуглас Луис (83), Хенрихс (86), Торунарига (87).
Четлатиш: Арнольд (63).

Футбол бўйича олимпия турнирлари ҳам мухлисларнинг эътиборини ўзига қаратиб келмоқда ва айниқса сўнгги ўн йилликлардаги бир неча финал ўйинлари ёдда қоларли бўлган. 1996 йилда Нигерия Аргентинага қарши ақл бовар қилмас ўйин якунида кутилмаган ғалабага эришган (3:2) ёки 2000 йилда Камерун Испанияга қарши дурангдан (2:2) кейин пенальтилар сериясида омадли бўлиб чиққан. Сеулдаги олимпиададан кейин (СССР триумфи) футболчиларнинг ёши пасайтирилгани турнир нуфузига таъсир кўрсатмай қолмаган, аммо турнирдаги жамоалар сони камлиги (16) ундаги интригани таъминлайди.

Бу ерда жаҳон ёки Европа чемпионатларидаги каби гигантомания йўқ, шундай экан беш йил муқаддам «Маракана»да Олимпия олтини учун курашган Бразилия ва Германия биринчи турдаёқ тўқнаш келиши мумкин. Аммо ўшанда немислар йўлидан чиққан исталган рақибни яксон этиб ўтган бўлса, бу сафар кўплаб клублар ўз футболчиларини Японияга қўйиб юборишни истамади. Шундай экан, Штефан Кунц бошчилигидаги Германиянинг ўйинига холис баҳо бериш қийин.

Вирц, Нмеча, Баку — июнь ойи бошида ёшлар ўртасидаги Европа чемпионатида ғолиб чиққан бу юлдузларнинг ҳеч бири Японияга келмади. Европа триумфаторлари бўлган жамоадан етти футболчи заявкага киритилган бўлса-да, Кунц керакли қўллаб-қувватлов бўлмаган клублар манзилига эътирозларини билдирди. «Ўйлайманки, футболчилар жамоавий руҳ индивидуал сифатлардан муҳимроқ эканини тушунишади», — дея қайд этди мутахассис.

Иккинчи бўлим шуни кўрсатдики, Арнольд четлатилгач бир киши кам бўлиб қолганда ҳам Германия охиригача курашадиган ва катта салоҳиятга эга жамоа. Кунц жамоасида характер асосий фишкалардан, аммо 38 ёшли Дани Алвес етакчилигидаги Бразилияга қарши немислар ожиз қолишди. «Селесао»да фақат испанлар рақобат қила олиши мумкин бўлган таркиб жамланган. Асосий юлдуз эса шубҳасиз Ришарлисон. «Эвертон» ҳужумчиси Америка кубоги финалидаги мағлубият ўрнини тўлдиришга ва ўз елкасидаги 10-рақамни оқлашга қаттиқ аҳд қилган.