Kun.uz ва Давлат божхона қўмитаси ҳамкорлигида тайёрланаётган «Божхона қоидалари» кўрсатувининг бугунги сонида божхона декларацияси ҳақида сўз боради. Мавзу юзасидан қўмита катта инспектори Мардон Собиров маълумот беради.

Божхона назорати мақсадлари учун зарур бўлган маълумотлар кўрсатилган ҳужжат божхона декларацияси ҳисобланади ва уч турга бўлинади:

1. Транспорт воситаси учун декларация – транспорт воситаси, унинг йўналиши, ташилаётган товарлар, экипаж ва йўловчилар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган, тижорат мақсадларида фойдаланиладиган транспорт воситасининг келиши ёки кетиши тўғрисидаги ҳужжат;

2. Божхона юк декларацияси – декларант ёки божхона брокери томонидан божхона органига тақдим этиладиган ва муайян божхона режимига жойлаштириладиган товарлар ҳақидаги тўғри маълумотлар кўрсатилган ҳужжат;

3. Йўловчи божхона декларацияси – нотижорат мақсадлар учун мўлжалланган, декларацияланадиган товарларни ва транспорт воситаларини божхона чегараси орқали олиб ўтаётган жисмоний шахс томонидан тўлдириладиган ва божхона органига тақдим этиладиган ҳужжат.

Декларациялашнинг қандай усуллари бор?

Декларациялаш оғзаки, ёзма ҳамда электрон шаклда амалга оширилади. Жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадлардаги, қиймати ва миқдори қонунчиликда белгиланган божсиз олиб кириш нормаларидан ва акциз солиғи солинмайдиган товарларни олиб кириш нормаларидан ошмайдиган товарларни декларациялашда оғзаки декларациялаш қўлланилади.

Йўловчи божхона декларациясидан фойдаланилган ҳолда, қуйидагилар ёзма декларацияланади:

  • жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадлардаги, қиймати ва миқдори қонунчиликда белгиланган божсиз олиб кириш нормаларидан ва акциз солиғи солинмайдиган товарларни олиб кириш нормаларидан ошадиган товарлари;
  • жисмоний шахснинг яшаш жойи ўзгарганда унинг шахсий мол-мулки бўлган товарлар (автотранспорт воситалари мустасно);
  • чет эллик жисмоний шахслар томонидан божхона ҳудудида бўлиш даврига вақтинча олиб кирилаётган ёки Ўзбекистон Республикасининг жисмоний шахслари томонидан божхона ҳудудидан ташқарида бўлиш муддатига олиб чиқилаётган нотижорат мақсадлардаги транспорт воситалари;
  • Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси ва валюта бойликлари. Бунда, олиб кирилаётган ва олиб чиқиб кетилаётган миллий ва хорижий валюта миқдори 70 млн сўмдан ортиқ бўлмаса, йўловчи божхона декларацияси тўлдириш талаб этилмайди. Албатта, жисмоний шахснинг хоҳишига кўра, исталган қийматдаги нақд валюта маблағлари ҳам декларация қилиниши мумкин.