Жаҳон | 14:18 / 11.08.2021
7899
3 дақиқада ўқилади

Эронлик собиқ турма назоратчиси Швецияда 1988 йилги оммавий қатл учун судланмоқда

Теҳрон яқинидаги Гошардашт қамоқхонасининг собиқ ходими, 60 ёшли эронлик Ҳамид Нурий Стокҳолмда судланмоқда. Швеция прокуратураси уни «Халқ мужоҳидлари» (яширин марксистик ташкилот)га аъзо ёки унга яқин бўлган жуда кўп сонли маҳбусларни қасддан ўлдирганликда айбламоқда», деб ёзади ВВС.

Фото: Reuters

Бу воқеалар 1988 йил 30 июлдан 16 августгача содир бўлган, ўшанда бир неча минг киши юридик тартиб-қоидаларга риоя қилинмасдан қатл этилган. Нурий бу вақтда Гошардашт қамоқхонасида прокурор ўринбосари ёрдамчиси бўлиб ишлаган

Тергов маълумотларига кўра, Нурий баъзи ҳукмларни ўз қўли билан бажарган. 

Бу ўша иш бўйича дунёдаги биринчи суд жараёни. Унга қўшимча қизиқиш Эроннинг амалдаги президенти Иброҳим Раисийнинг 25 ёшида Теҳрон прокурори ўринбосари этиб тайинлангани, у махфий суд мажлисларини ўтказган тўрт судьядан бири бўлгани ва мажлислар асосан қатл этиш билан тугаганлигидан келиб чиқади. 

Нурий сешанба куни эрталаб судга олиб келинган. 

«Менинг мижозим айтишича, бу жиноятлар содир бўлганида у ҳаттоки ўша ерда бўлмаган. Айблов асосан гувоҳликларга асосланган. Воқеалар анча олдин содир бўлган, одамларнинг хотираси эса узоқ вақтдан кейин панд бериши мумкин», деди Нурийнинг адвокати Даниэл Маркус. 

Бир неча ўнлаб намойишчилар қурбонларнинг портретларини кўтарган ҳолда адолат талаб қилиб, суд биноси олдига тўпланишган.

Ҳукм 2022 йил апрел ойида чиқарилиши кутилмоқда. 

Швеция расмийларининг Нурийга бўлган эътибори тегишли баёнотлар билан чиққан 30 нафарга яқин киши туфайли кучайди. Ўз навбатида, асосий баёнот эронлик муҳожир Ирай Месдаҳий томонидан берилди. 

Собиқ сиёсий маҳбус бўлган Месдаҳий бир неча йил Нурийга қарши ўзига хос шахсий суриштирув олиб борган. Унинг сўзларига кўра, бир неча минг саҳифадан иборат айблов материалларини тўплаб, уларни швед прокурорларига топширган, сўнг душманини қариндошлари бўлган Швецияга алдаб чақиртириб, денгиз круизи ташкиллаштириб беришни ваъда қилган.

Нурий 2019 йилнинг ноябрь ойида Арланда аэропортида швед тупроғига қадам қўйиши биланоқ ҳибсга олинган. 

Швеция қонунчилиги, қайси давлат фуқароси бўлишидан ва қаерда содир этилганлигидан қатъи назар, одамларни қотиллик ва инсониятга қарши жиноятлар учун судловга тортишга рухсат беради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид