Президент матбуот хизмати Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов вафоти муносабати билан билдирилган ҳамдардлик матнини эълон қилди.
Ўзбек халқи оғир жудоликка учради. Машҳур диний уламо, атоқли жамоат арбоби, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Алимов шу йил 15 август куни 71 ёшида вафот этди.
У.Алимов 1950 йил 1 январда Самарқанд вилояти Иштихон туманида туғилди. 1982-1983 йилларда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида, 1983-1987 йилларда Тошкент ислом институтида, 1989-1990 йилларда Марокаш давлатининг Қаравиййин университетида таҳсил олди.
У муқаддас динимиз асосларини, араб ва форс тилларини чуқур эгаллаб, 1980-2006 йилларда Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Имом Бухорий масжидида имом ноиби, имом-хатиб вазифаларида самарали фаолият олиб борди. Буюк аждодимиз Имом Бухорий абадий ором топган табаррук зиёратгоҳда олиб борилган кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишларида юксак ташкилотчилик ва ташаббускорлик қобилиятларини намоён этди.
Усмонхон домла ўзини “Имом Бухорийнинг ходими” деб ҳисоблар ва бундай шарафли ном билан доимо фахрланар эди. У муҳаддислар султони бўлмиш буюк бобомизнинг ҳаёти ва ижоди тўғрисида юртимизда биринчилардан бўлиб “Имом Бухорий баракоти” асарини ёзган етук уламо эди.
2000-2006 йилларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби лавозимида сидқидилдан меҳнат қилиб, катта билим ва ҳаётий тажрибасини эзгу амалларга сафарбар этди.
У.Алимов 2006 йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайланди. Ўтган давр мобайнида у республикамизда ижтимоий-маънавий, диний-маърифий муҳит барқарорлигини таъминлаш, динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини асраш ва кенг тарғиб этиш, ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат ва бағрикенглик руҳида тарбиялаш, соҳада малакали мутахассислар тайёрлаш ишига беқиёс ҳисса қўшди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасида сўнгги йилларда амалга оширилган диний соҳадаги ислоҳотлар, хусусан, янги мадраса ва масжидларнинг очилиши, Қуръон ўқитиш курсларининг ташкил қилиниши, Қуръони каримнинг араб ва ўзбек тилларида чоп этилиши, идора қошида ахборот марказининг ташкил этилиши, “Вақф” хайрия жамоат фондининг фаолиятини йўлга қўйиш, мусулмон мамлакатлари ва хорижий ҳамкорлар билан муносабатларнинг мустаҳкамланиши каби хайрли ишларда муфтий ҳазратнинг хизматлари катта бўлди.
Усмонхон Алимов юртимиз мусулмонларининг ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлиш билан бирга, нафақат Марказий Осиёда балки мусулмон дунёсида юксак обрў-эътибор қозонган улкан илм ва маърифат соҳиби сифатида эътироф этилган зот эди.









