Жамият | 13:07 / 22.08.2021
2741
1 дақиқада ўқилади

Қаршида пиёдалар йўлакчасида «Ласетти» уриб юборган фуқаро вафот этди

Қарши шаҳридаги кўчалардан бирида пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган бир гуруҳ фуқароларни «Ласетти» машинаси уриб юборган. Оқибатда, пиёдалардан бири шифохонада вафот этган. Бу ҳақда Kun.uz’га Қарши шаҳар ЙҲХБ матбуот хизмати инспектори Аҳрор Усмонов хабар берди.

Маълум қилинишича, 2021 йил 15 август куни соат 21:00ларда халқаро аҳамиятга молик  A-380 Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнов халқаро автомобиль йўлининг Қарши шаҳри ҳудудидан ўтган 58-километрида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Қарши шаҳар соҳилбўйи болалар сайилгоҳи рўпарасида давлат рақами 70S 720 NA бўлган «Ласетти» машинасининг ҳайдовчиси ҳаракатланиш жараёнида йўлнинг пиёдалар ўтиш қисмидан кесиб ўтаётган фуқароларни уриб юборган.

Оқибатда, пиёдалардан бири оғир тан жароҳат олиб, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалида вафот этган.

Қайд этилишича, мазкур ҳодиса юзасидан Қарши шаҳар ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид