Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан секторлар фаолиятини баҳолаш бир йилда бир маротаба – ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 февралига қадар амалга оширилади. Натижаси бўйича таҳлилий маълумотнома Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ва халқ депутатлари Кенгашларига киритилади. 

Баҳолаш натижасига кўра туман, шаҳар секторлари ўртасида республика даражасида – “энг намунали сектор” ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри даражасида – “энг ташаббускор сектор” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланади ва рағбатлантирилади.

Баҳолаш қуйидаги устувор йўналишларда амалга оширилади:

  • “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” билан ишлаш натижадорлиги;
  • “маҳаллабай” ишлаш тизимининг юритилиши ҳолати;
  • иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш даражаси;
  • тадбиркорликни ривожлантириш;
  • жиноятчиликни камайтириш ва ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш;
  • мурожаатлар билан ишлаш самарадорлиги.

Шунга кўра, ғолиб бўлган секторлар қуйидагича рағбатлантирилади:

“Энг намунали сектор” номинациясида: 

  • 1-ўрин – базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравари;
  • 2-ўрин – базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари;
  • 3-ўрин – базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида пул маблағи.

“Энг ташаббускор сектор” номинациясида:

  • 1-ўрин – базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари;
  • 2-ўрин – базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари;
  • 3-ўрин – базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида пул маблағи.

Секторлар фаолияти самарадорлиги кўрсаткичларини ҳисоблаш ва баҳолаш бўйича “sektor.reyting.uz” автоматлаштирилган онлайн ахборот тизими ишга туширилади.