Ўзбекистон | 16:06 / 27.08.2021
7094
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда 17 ёшли қиз отасини ўлдириб қўйгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят прокуратураси ҳодиса бўйича маълумот берди

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Ғузор туманида 17 ёшли қиз ўз отасини ўлдириб қўйгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят прокуратураси мазкур ҳодиса бўйича маълумот берди.

Маълум қилинишича, жорий йил 18 август куни соат 07:00ларда Ғузор тумани, Пастқовчин қишлоғида яшовчи Х.Ш. яшаш уйи дарвозахонасида вафот этган ҳолда топилган. Шундан сўнг ҳолат бўйича суриштирув ўтказилган.

Суриштирувда аниқланишича, марҳум Х.Ш. спиртли ичимликка ружу қўйган ҳолда, вояга етмаган қизи Қ.О.нинг ошхонада ишлаб топган пулини олиб спиртли ичимлик истеъмол қилиб келган. Шунинг оқибатида ота ва қиз ўртасида жанжал юзага келган. Жанжал пайтида Қ.О. ўзини ҳимоя қилиш мақсадида отасининг бош қисмига ёғоч бўлаги билан бир неча марта уриб тан жароҳати етказган.

Х.Ш. қизини ҳақорат қилишда давом этавергач, Қ.О. отасининг маст ҳолда уйдан чиқиб кетмаслиги учун унинг қўл-оёғини сим билан боғлаб, яшаш уйидан чиқиб кетган.

Сўнг Қ.О. шу куни соат 19:30ларда уйига қайтиб келиб, отасининг қўл-оёғини ечган. Отаси ётган жойга кўрпа-тўшак ва ёстиқ тайёрлаб берган ва уни ётқизиб, уйда қолишдан қўрқиб, дугонаси Р.Д.нинг уйида тунаб қолган. Эртаси куни соат 05:00ларда уйига келганида отасининг вафот этганини кўриб, қўшниларига хабар берган.

Қайд этилишича, мазкур ҳодиса юзасидан Ғузор туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 102-моддаси (эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш) билан жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид