АҚШ президенти Доналд Трамп Ўзбекистонга ташриф буюриши истисно қилинмайди. Бу ҳақда Трампнинг глобал ҳамкорлик бўйича махсус вакили Паоло Замполли Тошкентга ташрифи чоғида «Ўзбекистон 24» телеканали «Таҳлилнома» дастурига берган интервюсида айтиб ўтган.
«У Ўзбекистонга келишни хоҳлашидан хабарим бор. Президентнинг иш жадвали ниҳоятда тиғиз. Аммо у менга Ўзбекистонга ташриф буюриш истаги борлигини айтган. Мен ҳам бу масалани доимо илгари сураман. Демак, бир кун келиб Ўзбекистонга албатта ташриф буюради», – деган у.
Замполли Трампнинг Ўзбекистон президенти билан алоқалари яхшилигини қайд этган.
«Ўртада дўстона ва ишонч асосига қурилган муносабатлар шаклланган, улар мунтазам равишда телефон орқали мулоқот қилишади», – дейди у.
Шу билан бирга, эҳтимолий ташриф санаси бўйича аниқ муддат йўқ.
Замполли бу ташрифни ташкиллаштириш устида ишлаётгани ва бу имкон қадар тезроқ амалга ошишига умид билдиришини қўшимча қилган.
Шавкат Мирзиёев ва Доналд Трамп ўртасидаги сўнгги телефон мулоқоти 7 август куни бўлиб ўтганди. Суҳбат якунида Мирзиёев Трампга ўзи учун қулай вақтда расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишни таклиф қилганди.
Рубионинг ташрифи кутилмоқда
АҚШ давлат котиби Марко Рубио октябр ойи ўрталарида Ўзбекистонга келиши кутилмоқда. У Самарқандга келадиган 100 дан ортиқ Америка компаниялари вакилларидан иборат делегацияга раҳбарлик қилади.
АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Горнинг сўзларига кўра, ташриф АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш, шунингдек, дипломатик ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Ташриф давомида Марко Рубио Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари билан бир қаторда, «C5+1» шаклидаги ТИВ раҳбарлари учрашувида қатнашади.
АҚШ давлат котиби Марказий Осиёда савдони кенгайтириш, хусусий инвестицияларни рағбатлантириш ва иқтисодий модернизацияни қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилиш учун Ўзбекистон раҳбарияти ва минтақа давлатларидаги ҳамкасблари билан учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.














