1–4 сентябрь кунлари Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида Ислом тараққиёт банки (ИТБ) бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш доирасидаги учрашувларда аъзо мамлакатлардан 4100 нафар иштирокчи ҳамда 27 та халқаро ва минтақавий ҳамкор ташкилотлар қатнашди.

Саммитда, ИТБ гуруҳи ва ўнта аъзо мамлакат ўртасида умумий қиймати 1,2 миллиард АҚШ долларига тенг 30 та молиявий келишув имзоланди. Шундан 330 миллион долларига тенг маблағ Ўзбекистон манфаатларини кўзлаб сарфланади.

Йиғилишда учта асосий истиқболли мавзу кўриб чиқилди: (1) COVID-19 дан кейин тикланишни жадаллаштириш; (2) камбағаллик кучайиб кетишига қарши кураш ҳамда барқарорлик ва фаровонликни ошириш; (3) аъзо мамлакатларда «яшил иқтисодий ўсиш»га кўмаклашиш.

COVID-19 асоратларини тиклашга қаратилган барқарорлик индекси ишга туширилди. Бу рейтинг иқтисодий барқарорликни қўллаб-қувватловчи механизмларни яратишга ёрдам беради.

Электрон тўлов платформаси яратилди. Рақамли платформа банк операцияларининг самарадорлигини ошириши ва ишбилармонлик муносабатларини амалга оширишни соддалаштириши кўзда тутилган.

Ўзбекистон томони билан имзоланган келишувлар

  • ИТБ иштирокида Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармаси тузилди. Бошланғич капитали 100 миллион долларга тенг бўлган жамғарма маблағларининг 35 млн доллари Ўзбекистон ҳукумати, 20 млн доллари ИТБ ва қолган 45 миллион доллари саудиялик инвесторлар томонидан молиялаштирилади. Синов босқичи муваффақиятли ўтгандан сўнг бошланғич фонд миқдори аста-секин 500 миллион долларга етказилиши режалаштирилган.
  • «Обод қишлоқ» дастури доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларининг қишлоқ инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича жами 200 миллион долларлик қарз шартномаси тузилди.
  • Халқаро Ислом савдо-молия корпорацияси ва «Трастбанк» 15 млн долларлик савдо-молия линиясини очиш тўғрисида келишувга эришди.
  • Ўзбекистонда онкологик хизматларни ривожлантириш лойиҳасини қўллаб-қувватлаш учун 80 миллион доллар қарз шартномаси имзоланди.
  • Ислом тараққиёт банки томонидан Ўзбекистонда Ислом банки ва молия соҳасининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлаш учун техник ёрдам гранти ажратилади. Грант миқдори кейинчалик маълум бўлади.

Ислом тараққиёт банки ҳақида