Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўринбосарларининг фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаш тартиби жорий этилади. Чора-тадбирлар Президентнинг 24.08.2021 йилдаги «Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарлари ўринбосарларининг уларга юкланган вазифаларни бажаришда шахсий масъулиятини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5230-сон қарорига мувофиқ қабул қилинган.
Қуйидагиларни назарда тутувчи Маҳаллий ижроия ҳокимияти раҳбарлари ўринбосарларининг функционал вазифалари ҳамда фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари тўғрисидаги намунавий низомлар тасдиқланди:
- маҳаллий ижроия ҳокимияти раҳбарлари ўринбосарларининг асосий вазифалари ва функциялари;
- ҳуқуқлари, шахсий масъулияти ва жавобгарлиги;
- фаолиятини ташкил этиш ва уни баҳолаш;
- энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари.
Намунавий низомларга асосан вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимиятларига:
2021 йил 10 сентябрга қадар ҳар бир ҳоким ўринбосарининг функционал вазифалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш;
2021 йил 1 октябрга қадар ҳокимнинг маслаҳатчилари, маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарларининг функционал вазифалари тўғрисидаги низомларни ишлаб чиқиш топширилди.











