Kun.uz тадбир доирасида ЕХҲТнинг медиа эркинлиги бўйича вакили Тереза Рибейро билан қисқа суҳбатда бўлди.

— Ўзбекистондаги сўз эркинлигига қандай баҳо берасиз?

— Жуда қизиқ савол. Мамлакатда матбуот эркинлигини таъминлаш – бу узоқ давом этадиган жараён. Бу ерда мен учун қизиқ бўлган нарса шундаки, Ўзбекистон бу жараён билан шуғулланмоқда. Баъзи ислоҳотлар амалга оширилди, жуда муҳим қадамлар қўйилди, шунинг учун мен сизларнинг тўғри йўлда эканингизга тўлиқ аминман. Ишончим комилки, Ўзбекистон фуқаролик жамияти ва ҳукумат ёрдами билан эркин оммавий ахборот воситаларига эга бўлади.

— Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида сўз ва оммавий ахборот воситалари эркинлиги борасида қандай фарқларни айтиб бера оласиз?

— Биз оммавий ахборот воситаларининг ўзига хос ижтимоий соатлар эканини унутмаслигимиз керак, шунинг учун ҳам ҳар хил медиа соҳаларига ҳар хил контекст тўғри келади. Уларни солиштиришдан маъно йўқ, чунки уларнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд ва бу нормал ҳолат. Жамоалар бошқача бўлгани, қолаверса мамлакатлар бошқа-бошқалиги боис контекст ҳам жуда ўзига хосдир.

Уларни таққослаш фойдали, деб ўйламайман. Шуни айтишим мумкинки, Европадаги вазият ҳам жуда силлиқ эмас. Оммавий ахборот воситалари эркинлиги нафақат бу минтақада, балки барча мамлакатларда энг долзарб мавзу. Биз ЕИнинг барча ҳудудларида ўзига хос қийинчиликларга дуч келмоқдамиз. Демак, бу минтақа, хусусан, Марказий Осиё ва Мўғулистон ҳам бошқа мамлакатлардан фарқ қилмайди. Бизлар барчамиз ҳар хилмиз, лекин фақатгина сизлар қийинчиликларга дуч келаётганларингиз йўқ. Мураккабликлар, худди Ўзбекистонда бўлгани каби ҳамма жойда мавжуд. Европа ҳам баъзи қийинчиликларга дуч келмоқда, бунга популизм, ижтимоий тармоқлар билан боғлиқ ҳолатлар мисол бўла олади.

Биласизми, жамиятнинг қандайдир қутбланиши каби жиҳатлар ишончим комилки, Европада бўлгани сингари бу ерда ҳам бор. Бу муаммоларни ҳал қилиш учун барча механизмлар ва воситалардан фойдаланиш, менимча, энг муҳимидир.

— Сўз эркинлигини таъминлаш борасида Ўзбекистон ҳукуматига қандай тавсиялар бера оласиз?