«Осторожно, Петербург» Telegram-канали 26 июл куни тегишли комиссия ҳисоботига таяниб хабар беришича, рейдлар Санкт-Петербургда ёшлар кўп тўпланадиган савдо марказларида ўтказилиши кўзда тутилган.

Уларда «Контакт» давлат ижтимоий маркази ходимлари ҳамда Россия ИИВнинг Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти бўйича Экстремизмга қарши кураш маркази — «Э» маркази вакиллари иштирок этиши айтилмоқда.

Хабарга кўра, мутахассислар ёшлар кўп тўпланадиган жойларни ўрганиб, «радикал кайфиятдаги» ўсмирларни аниқлашга ҳаракат қилади. Бунда уларнинг кийими ва аксессуарларида «норасмий асоциал гуруҳлар»га хос деб баҳоланадиган белгиларга ҳам эътибор қаратилиши режалаштирилган.

Ҳисоботда қайд этилишича, шундай тоифага киритилган ўсмир ва ёшлар «дерадикаллаштириш ва жамиятга конструктив ижтимоийлаштириш» бўйича профилактик ишларга жалб этилади.

Ушбу ишлар «долзарб тенденциялар ва чақириқлар»ни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши айтилган.

Москвада ҳам ўсмирлар иштирокидаги рейдлар ҳақида хабар берилган

Бундан аввал, июл ойи бошида Москва марказидаги Китай-город ҳудудида полиция ёшлар ва ўсмирлар тўпланадиган жойларда рейд ўтказгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

3 июл куни Twitch платформасида тўғридан тўғри эфир олиб бораётган Виталий исмли блогер Китай-городда полиция томонидан ушланганини билдирган.

Унинг айтишича, у кўчада кетаётганда ва полиция автозакига қўл силкитганидан кейин ушланган.

Блогер кейинчалик ўз Telegram-каналида ушлаш вақтида унинг юзи ва оёқларига бир неча марта зарба берилганини иддао қилган. Шунингдек, унинг сўзларига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларидан бири автозак ичидаги ёшларга нисбатан электрошокер қўллаган.

Виталий «Осторожно, новости» Telegram-каналига полиция бўлимида ушланганларнинг телефонлари олиб қўйилганини ҳам айтган.

Унинг сўзларига кўра, полиция ходимлари ёшлардан Китай-городда нима қилаётгани, алкогол ёки гиёҳванд моддалар таъсири остида бўлган-бўлмагани ҳақида сўраган. Уларнинг паспорт маълумотлари ёзиб олинган ва суратга туширилган.

Шундан сўнг уларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилмасдан қўйиб юборилгани айтилмоқда.

«Осторожно, новости» ва «ОВД-Инфо» бошқа ушланганлар ҳам полиция ходимлари томонидан куч ишлатилгани ва электрошокер қўллангани ҳақида билдирганини ёзган.

Китай-городда жанжаллар кўпайгани хабар қилинган

Июн ойи охирида Baza Telegram-канали Москвадаги Китай-город кўча жанжаллари тез-тез содир бўладиган жойлардан бирига айланганини хабар қилган эди.

Канал маълумотларига кўра, бир ой давомида мазкур ҳудудда 20 га яқин муштлашув қайд этилган.

Шу сабабли полиция Китай-городда мунтазам рейдлар ўтказаётгани ва кўнгилочар ҳамда спиртли ичимликлар сотиладиган муассасалар яқинида навбатчилик ташкил этгани айтилган.